ПРЕСС-РЕЛИЗ

Айни кунларда жойларда партиянинг янги Дастури ҳамда Сайловолди дастури лойиҳалари муҳокамаси бўйича кенг жамоатчилик вакиллари, туман (шаҳар), вилоят кенгашлари ҳамда депутатлар иштирокида туркум тадбирлар, давра суҳбатлари ўтказилиб, таклифлар олиняпти.

9 август куни вилоят Касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси мажлислар залида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қашқадарё вилоят ташкилотларининг VI конференцияси бўлиб ўтди. Унда даставвал жорий йил Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда ҳалқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловлар ўтиши муносабати билан партия ташкилотлари зиммасидаги ташкилий ва сиёсий вазифалар, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди. Шунингдек, партиянинг янгидан тайёрланаётган Дастури ва Сайловолди дастури лойиҳаси кенг муҳокама этилди, партия фаоллари, депутатлар томонидан муҳим таклифлар билдирилди.

Таъкидландики, партия янги дастури ва Сайловолди дастурида аҳолининг кам таъминланган қатламлари, пенсионерлар, имконияти чекланган инсонлар ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, кундалик эҳтиёж маҳсулотлари ва хизматларга ижтимоий мақбулликни таъминлаш, уй-жойга эга бўлиш, тиббий ва  коммунал хизматлар мақбуллигига эришиш, бандликни таъминлаш бўйича самарали тизим яратиш, одамларнинг яхши яшашга интилишини қўллаб-қувватлаш каби ғояларни илгари сурмоқда.

Лойиҳаларда партия сиёсий позициясининг асоси сифатида ижтимоий ривожланишнинг устувор йўналишлари белгиланган. Иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш, Ўзбекистонни ўрта муддатли истиқболда аҳоли турмуш даражаси бўйича дунёнинг ўртача ривожланган мамлакатлари қаторига киритиш бош мақсад ҳисобланмоқда. Партия ушбу мақсадга интилишда давлат ва жамиятнинг манзилли ижтимоий ҳимояси ва ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳоли қатламининг манфаатларини ҳисобга олиш зарур, деб ҳисоблайди. Бу борада партиямиз ўз Сайловолди дастури лойиҳасида бир қатор вазифаларни белгилаб оляпти.

Муҳокамаларда Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар аҳамияти, уларнинг электорат манфаатига нечоғлик алоқадор экани мисоллар орқали таҳлил қилинди. Қайд этилдики, уй-жой ва коммунал хизматларни сотиб олишнинг ижтимоий мақбуллигига эришиш мақсадида, партия 2024 йилга қадар бир қатор тадбирларни амалга оширишни таклиф этади. Бунда уй-жой фондини коммунал хизматлар етказиб берувчи ташкилотлар ҳисобидан электр энергия, табиий газ, ичимлик суви, иссиқлик энергияси ва иссиқ сув ҳисоблаш асбоблари билан тўла қамраб олиш, коммунал хизматларнинг барча ўлчаш асбобларини етказиб берувчи ташкилотларнинг балансига ўтказиш, уларга техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва мунтазам текшириб бориш вазифасини юклаш бўйича янгича тизим таклиф этилмоқда. Конференция қатнашчилари бу йўналишдаги таклифларни қўллаб-қувватлашди.

Конференцияда асосий кун тартибига мувофиқ, вилоят партия ташкилотининг ўтган беш йиллик фаолияти, депутатлик бирлашмаси томонидан амалга оширилган ишлар таҳлил этилди. Олдинда турган муҳим вазифалар муҳокама қилинди.

Қайд этилдики, ўтган беш йилда партия ташкилоти партия Сайловолди дастури ижросини таъминлаш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларида бир қатор амалий ишларни амалга оширган.

Вилоят, туман ва шаҳар партия кенгашлари томонидан “Ҳар бир инсонга меҳр-мурувват кўрсатиш бурчимиз!” лойиҳаси ҳамда “Ижтимоий кўмак – ташаббус-корликка йўл очмоғи керак”, “Аёллар ижтимоий ҳимояси - ижтимоий фаоллик пойдевори” форумлари доирасида 610 нафар ногиронлиги бўлган инсонлар ҳолидан хабар олинган. Мурожаатлар асосида 347 та муаммолар ўрганилди ва уларга тегишли ёрдамлар кўрсатилган.

“Аёллар бандлиги - оила фаровонлиги гарови” ва “Аҳоли бандлиги – ижтимоий ҳимоянинг энг мақбул йўли” лойиҳалари доирасида вилоят, туман ва шаҳар партия кенгашлари томонидан 541 та тарғибот тадбирлари ўтказилди. Шунингдек, лойиҳа доирасида 575 нафар хотин-қизнинг ишга жойлашишига, 306 нафар хотин-қизларни касаначилик меҳнатига жалб қилинишига, 263 нафар хотин-қизларга кредит олишига, 180 нафар хотин-қиз-ларга ўз тадбиркорлик фаолиятларини бошлашига кўмаклашилди.

Таъкидландики, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳал этишда асосий ўрин тутади. Ҳисобот даврида халқ депутатлари туман-шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 2015-2019 йилларга мўлжалланган Амалий Ҳаркат дастури асосида 184 та масала партия гуруҳларида, 169 та масала тегишли доимий комиссиялар йиғилишларида, 60 та масала  сессияларда муҳокама қилиниб, қарорлар қабул қилинган. Амалий Ҳаракат дастуридан ташқари 24 та масала партия гуруҳлари ташаббуси билан ўрганилган ва шундан 15 та масала сессиялар муҳокамасига киритилган.

Ҳисобот даврида вилоят партия кенгаши қошидаги Жамоатчилик қабулхоналарига 2015-2019 йилларда 200 га яқин ёзма, 100 дан ортиқ оғзаки мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларнинг аксариятини ҳал этишга эришилган.

Туман ва шаҳар партия кенгашлари кесимида 2015-2019 йилларда Жамоатчилик қабулхоналарига 2844 та мурожаат келиб тушди. Уларни ижобий ҳал этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, конференцияда партия ташкилоти фаолияти билан боғлиқ бошқа ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Конференцияда Қашқадарё вилоят партия ташкилотининг 5 йиллик фаолиятига оид ҳисобот қабул қилинди. Партиянинг навбатдаги қурултойига делегатлар сайланди.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

← Рўйхатга қайтиш