Пискентда 76 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди

 

Ўзбекистон ХДП Пискент тумани кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Д. Комилова ташаббуси билан Муротали маҳалласидаги 51-оилавий поликлиникада «Саломатлик акцияси» ташкил этилди.

Акция доирасида терапевт, педиатр, невропатолог, жарроҳ, кардиолог ва ЛОР мутахассислари иштирокида, шунингдек, УЗИ текшируви орқали жами 76 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрик натижаларига кўра, 2 нафар фуқарога вилоят касалхонасига, 3 нафар она ва болага туман шифохонасига йўлланмалар берилди. Тиббий кўрикка келиш имконияти бўлмаган кекса ёшли фуқаролар хонадонларида ҳам кўрик ва зарур муолажалар ўтказилди.

Тадбир давомида партия депутати аҳоли ва тиббиёт ходимларининг муаммо ҳамда таклифларини ҳам тинглади. Хусусан, Оқтом маҳалласида қарийб 3 минг нафар тарқоқ ҳолда яшовчи аҳолига хизмат кўрсатаётган патронаж ҳамширалари хонадонлар орасидаги масофа узоқлиги сабабли фаолиятда қийинчиликларга дуч келаётганини билдириб, хизмат самарадорлигини ошириш учун скутер ажратишда амалий ёрдам сўрашди.

Ушбу мурожаатни ўрганиш ва ҳал этиш чораларини кўриш мақсадида депутат томонидан мутасадди ташкилотлар раҳбарларига депутатлик сўрови киритиш режалаштирилди.

Ўзбекистон ХДП учун аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, айниқса, чекка ҳудудларда тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва мавжуд муаммоларга ечим излаш муҳим вазифалардан биридир. Акция давомида тиббий кўрик билан бирга аҳоли ва тиббиёт ходимларининг эҳтиёжларига эътибор қаратилгани ҳам шу мақсадга хизмат қилади.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш