Миграцияда миқдор эмас, сифат ва инсон қадри муҳим
Миграцияда миқдор эмас, сифат ва инсон қадри муҳим

 

Президентимиз раислигида меҳнат миграцияси ҳамда хорижда ишлаш истагидаги аҳолини тил ва касбларга мақсадли ўқитиш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилишда соҳада йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар тизимли таҳлил қилиниб, миграция сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш, “маҳаллабай” ишлаш механизмини жорий этиш ва хорижга кетаётган фуқароларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг муҳим тартиблари эълон қилинди.

Жумладан, миграция масалаларини қуйи бўғинга тушириш мақсадида хориждаги иш ўринлари ҳақидаги маълумотлар маҳаллаларга етказилади. “Маҳалла еттилиги” фуқаролар билан ишлаб, маълумотларни “Онлайн маҳалла” платформасига киритади. Ҳокимлар эса бу жараёнга шахсан масъул этиб белгиланди. Мазкур тизимнинг йўлга қўйилиши натижасида фуқароларнинг фирибгар рекрутерлар қурбонига айланишининг олди олинади, одамлар ўз маҳалласидан чиқмаган ҳолда қонуний ва юқори даромадли иш топиш имкониятига эга бўлади.

Жаҳон меҳнат бозорида миллий кадрларнинг рақобатдошлигини таъминлашнинг ягона йўли — бу уларнинг касбий билим ва хорижий тилларни пухта эгаллашидир. Президентимиз йиғилиш давомида ёшларга хорижий тилларни, хусусан, Европа ва Осиё давлатлари меҳнат бозори учун зарур бўлган немис, инглиз, корейс ва бошқа тилларни тизимли ўргатиш масаласига алоҳида тўхталди.

Бу борада давлат томонидан янги рағбатлантириш тизими жорий этилмоқда. Хусусан, чет элда юқори маошли ва нуфузли ишга жойлашган ҳар бир битирувчи учун таълим муассасаларига ёки касбга ўқитган тадбиркорларга давлат томонидан махсус грантлар ажратилиши белгиланди. Бу таълим сифатини оширишга ва инновацион усуллардан кенг фойдаланишга хизмат қилади.

Хусусий сектор вакилларининг ролини ошириш мақсадида эса келгуси даврдан фуқароларни хорижга ишга юбориш вазифалари энг ишончли хусусий бандлик агентликларига ўтказилади. Давлат уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаган ҳолда, юқори маошли ишга жойлаштирилган ҳар бир фуқаро учун агентликларга 1,5 миллион сўмдан рағбатлантириш маблағи тўлаб беради.

Фақатгина касб ва тил ўргатиш билан чекланиб қолмай, хорижий давлатлар билан ҳукуматлараро даражада мустаҳкам ҳуқуқий асос яратиш лозимлиги таъкидланди. Ривожланган давлатлар билан фаол иқтисодий дипломатия олиб бориш, квоталарни кўпайтириш ва ишчи визаларини олиш жараёнларини соддалаштириш янги тизимнинг устувор йўналиши этиб белгиланди.

Бугунги кунда ўзбекистонлик фуқаролар дунёнинг 40 дан зиёд давлатида қонуний меҳнат қилиш имкониятига эга бўлиб, ҳамкорлик қилинаётган чет эл иш берувчилари сони сезиларли даражада кенгайтирилди. Европа, Осиё ва Форс кўрфази мамлакатлари билан янги ҳукуматлараро битимлар имзолаш устида изчил ишлар олиб борилмоқда.

Хорижда меҳнат қилаётган юртдошларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласида ҳам муҳим енгилликлар яратилмоқда. Хусусан, хорижий давлатларда, жумладан, Жанубий Кореяда ишлаётган фуқароларимиз учун илгари мавжуд бўлган айрим бюрократик тўсиқлар ва иш жойини ўзгартиришдаги чекловлар бекор қилинди. Давлат томонидан хориждаги ваколатхоналар фаолияти кучайтирилиб, фуқароларга ҳуқуқий ва консуллик ёрдами кўрсатиш кўлами кенгайтирилмоқда.

Меҳнат миграцияси сиёсатининг яна бир муҳим устуни — бу хорижда тажриба орттириб, Ватанга қайтган фуқароларни қўллаб-қувватлашдир. Йил бошидан буён 1 миллиондан ортиқ фуқароларимиз хориждан қайтиб келган. Улар чет элда қурилиш, саноат, логистика ва хизмат кўрсатиш соҳаларида замонавий технологиялар билан ишлаб, катта малака тўплаган кадрлардир.

Давлатимиз раҳбари уларнинг салоҳиятидан ички меҳнат бозорида унумли фойдаланиш зарурлигини таъкидлади. Шу мақсадда хориждан қайтган фуқароларнинг ишлаган жойи, касби ва стажи акс этадиган махсус рақамли платформа яратилади. Йил якунига қадар уларнинг 250 минг нафарига мос иш топиш, тадбиркорлик бошламоқчи бўлганларига эса 60 миллион сўмгача грантлар ва имтиёзли кредитлар ажратиш вазифаси белгиланди.

Албатта, амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизда олиб борилаётган “Инсон қадри учун” умуммиллий тамойилининг амалдаги яққол ифодаси бўлиб, давлатимизнинг иқтисодий ва ижтимоий қудратини янада юксалтиришга хизмат қилади.

 

Дилбар МАМАЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш