Ҳар қандай иқтисодий ислоҳотнинг асосий мақсади инсонлар ҳаётини яхшилаш, аҳоли даромадларини ошириш ва муносиб турмуш шароитини яратишдан иборат, албатта.
Давлат раҳбарининг Бухоро вилояти иқтисодиётини ривожлантириш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ташаббуслари, белгилаб берган долзарб вазифалари ана шу эзгу мақсадга хизмат қилиши, шубҳасиз. Кейинги йилларда Бухоро тубдан ўзгармоқда, ҳудуднинг шонли тарихига муносиб замонавий бунёдкорлик ишлари амалга ошмоқда. Бир вақтлар бугунгидек оламшумул лойиҳаларни тасаввур қилиш ҳам қийин эди, тўғриси.
Ташриф доирасида ўтказилган йиғилишда қайд этилганидек, сўнгги тўққиз йилда вилоятга 9,5 миллиард долларлик хорижий инвестиция жалб қилиниб, 6 мингдан ортиқ янги ишлаб чиқариш қуввати ва 120 мингта доимий иш ўрни яратилган. Бу иқтисодий фаолликнинг ортиши, янги корхоналар ташкил этилиши ва аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.
Шу билан бирга, умумий қиймати 7,8 миллиард доллар бўлган 145 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Уларнинг натижасида 14 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилиши, йилига 22 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши ва 510 миллион долларлик экспорт имконияти пайдо бўлиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси нуқтаи назаридан қараганда, бундай иқтисодий лойиҳаларнинг аҳамияти фақат ишлаб чиқариш ҳажми ёки экспорт кўрсаткичлари билан чекланмайди. Энг муҳими, уларнинг натижаси одамлар ҳаётида, оилалар даромадида ва ижтимоий фаровонликда намоён бўлади. Янги ишлаб чиқариш қувватлари маҳаллий аҳоли учун барқарор иш ўринлари, муносиб иш ҳақи ва касбий ўсиш имкониятларини яратиши табиий.
Йиғилишда вилоятда 40 мингга яқин фуқаро ишсиз экани, яна 270 минг нафар аҳолининг даромади ўртача кўрсаткичдан пастлиги, камбағалликни қисқартиришда реал ҳолатга тўғри келмайдиган ҳисоботлар ўтмаслиги қатъий таъкидланди. Ишсизлик билан боғлиқ бу рақамлар аҳолининг даромадларини ошириш, камбағалликни қисқартириш масалаларига жиддий эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатади.
Партиямиз учун бандлик масаласи доимо устувор йўналишлардан бири бўлиб келган. Чунки инсоннинг доимий иш жойи ва барқарор даромадга эга бўлиши унинг нафақат моддий аҳволини, балки оиласи фаровонлиги ва жамиятдаги ижтимоий ўрнини ҳам белгилайди. Шу боис хорижда кам иш ҳақига ишлаётган юртдошларимизни касбга ўқитиш орқали уларни юқори даромадли иш ўринларига жойлаштириш ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз.
Ҳар бир ҳудуднинг имкониятлари ва аҳолининг эҳтиёжлари ҳисобга олиниши зарур. Касб-ҳунарга ўқитиш меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликларга йўналтирилса, ишсиз фуқароларнинг доимий бандлигини таъминлаш имконияти кенгаяди. Айниқса, ёшлар, хотин-қизлар, меҳнат бозорида ўз ўрнини топишда қийналаётган фуқаролар учун бундай ёндашув жуда муҳим аҳамиятга эга.
Таълим соҳасидаги энг муҳим вазифалардан бири ёшларнинг ижтимоий келиб чиқиши ёки оиласининг моддий имкониятидан қатъий назар, сифатли таълим олиши ва касб эгаллаши учун тенг шароит яратишдир. Айниқса, техникумларда назарий билим билан бирга, амалий кўникмаларни шакллантириш, битирувчиларни иш берувчилар билан боғлаш улар меҳнат бозорида ўз ўрнини топишига катта ёрдам беради. Бу эса таълим ва бандлик ўртасидаги тизимли боғлиқликни кучайтиради.
Бир сўз билан айтганда, Бухоро вилоятига ташриф доирасида белгиланган иқтисодий-ижтимоий вазифалар, аввало, аҳоли турмуш даражаси ва ҳаёт сифатини оширишга йўналтирилгани билан аҳамиятли. Шундан келиб чиқиб ҳам партиямизнинг депутатлик корпуси янги иш ўринлари яратилишига хизмат қиладиган лойиҳалар ўз вақтида амалга оширилиши ва мақсадли кўрсаткичларга эришилиши жараёнларида фаол иштирок этади.
Улуғбек Иноятов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари.