Устозларга юксак эҳтиром

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан Муқимий номидаги Ўзбек давлат мусиқали театрида тантанали байрам тадбири ўтказди. Қадрдон театрга йиғилган 400 нафарга яқин соҳа фидойиларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.

Байрам тадбирини Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов очиб бераркан, ёш авлодга таълим-тарбия беришдек масъулиятли вазифани зиммасига олиб, меҳнат қилиш ҳақиқий фидойилик намунаси эканини қайд этди. Кейинги йилларда ўқитувчи мақоми юксалганини таъкидлаб, устоз ва мураббийларни шарафли касб байрами билан самимий табриклади.

Таълим тизими ходимларининг ижтимоий ҳимояси янада ошаётгани, ўқитувчи ва педагогларнинг қадри кўтарилаётгани, ёш авлоднинг билим олиш ва касб-ҳунар ўрганишда тенг имкониятларга эга бўлаётгани Халқ демократик партиясининг асосий дастурий мақсадларига хизмат қилади, деди партия етакчиси.

Кейинги йилларда таълим ва илм-фан соҳасига йўналтирилаётган маблағлар ҳажми 6 карра ошгани ҳам бу йўналишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётганининг яққол ифодасидир.

Бир неча йил аввал 5 минг 200 та бўлган мактабгача таълим ташкилотлари сони бугун 39 мингтага етди. Болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 27 фоиз атрофидан 78 фоизга ошди.

Шунингдек, 500 га яқин янги мактаб барпо этилиб, қарийб 1 миллионта қўшимча ўқувчи ўрни яратилди.

Бир қатор қувончли янгиликлар, юксак ҳурмат-эътибор шарофати билан бу йилги байрам ҳар қачонгидан шукуҳли, кўтаринки кайфиятда ўтаётгани, бир пайтлар четроққа чиқиб қолган соҳа фидойилари бугун муносиб эҳтиром кўраётгани ҳақида фикрлар билдирилди.

Тадбирда сўзга чиққан устоз ва мураббийлар уларнинг давлат олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган фарзандлари учун контракт суммасининг 30 фоизи чегирма қилингани уларга катта енгиллик берганини таъкидлашди. Шунингдек, қатор давлат хизматларидан фойдаланишда имтиёз берилгани ҳам педагогларга кўрсатилаётган эътиборнинг ифодаси экани айтилди.

Байрам тадбирида сўзга чиққанлар мамлакатимиздаги барча ўқитувчи ва мураббийларни эзгу касб байрами билан қутлаб, миннатдорлик асносида самимий тилакларини изҳор қилди.

Шу куни соҳа вакилларига Ўзбек давлат мусиқали театри ижодкорлари саҳналаштирган “Усмон Носир” спектакли намойиш этилди.

 

 

 

 

 

 

 

← Рўйхатга қайтиш