Олий таълим муассасаларида янги ўқув йили бошланиши билан талабаларни турар жой билан таъминлаш масаласи долзарблашади. Юртимизда талабалар сони ортиб бораётган бир шароитда мавжуд талабалар турар жойлари барча эҳтиёжни тўлиқ қамраб олмаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бундай ижтимоий вазиятда талаб ёшларнинг мантфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, уларнинг турмуш шароитини, фикр ва таклифларини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга.
Шунинг учун Ўзбекистон Халқ демократик партияси масъул идоралар вакиллари иштирокида «Ижара бозори: уйсизлик, адолатли нарх ва ижтимоий ечимлар» мавзусида давра суҳбати ўтказди.
Мулоқотда талабаларнинг турар жойга эҳтиёжи, талабалар турар жойларидаги имкониятлар ва реал эҳтиёж ўртасидаги тафовут, ижара ҳақининг талабалар ҳамда уларнинг оилалари даромадларига таъсири, ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларни қўллаб-қувватлаш механизмлари билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси таълимда тенглик бўлиши, талабаларга муносиб яшаш шароитлари таъминланиши, уларнинг таълим олиш имкониятларини ижтимоий-иқтисодий омиллар чеклаб қўймаслиги тарафдори.
Маълумотларга кўра, 2026/2027-ўқув йили арафасида республикадаги 133 та олий таълим ташкилотида 460 та талабалар турар жойи тайёрланган бўлиб, уларнинг умумий сиғими 181 минг 336 ўринни ташкил этган. 3 сентябрь ҳолатига республикада 1 миллион 415 минг 496 нафар талаба мавжуд бўлган. Демак, мавжуд талабалар турар жойлари умумий талабаларнинг бор йўғи 21,1 фоизини қамраб олиши мумкин.
Турар жойга бўлган эҳтиёж айниқса пойтахтда яққол сезилмоқда. Тошкент шаҳрида 142 та талабалар турар жойида жами 52 минг 643 нафар талаба жойлашиши мумкин. Айрим олий таълим муассасалари мисолида талаб ва имконият ўртасидаги тафовут янада катта экани кўринади. Хусусан, Тошкент давлат иқтисодиёт университетига талабалар турар жойига жойлашиш бўйича 5 минг 953 та ариза келиб тушган бўлса, мавжуд ўринлар 2 минг 910 тани ташкил этган. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида эса 3 минг 119 та турар жойга эҳтиёжи бор талабадан атиги 576 тасини ётоқхона билан таъминлаш имкони бор.
Бундай шароитда талабаларнинг бир қисми ижара уй-жойларига жойлашишга мажбур бўлади. Бу эса уларнинг шахсий харажатларини ошириб, айрим ҳолларда оила бюджетига ҳам қўшимча юк туширади. Айниқса, бошқа ҳудуддан Тошкентга келиб ўқийдиган, оиласининг молиявий имконияти чекланган талабалар учун ижара ҳақи сезиларли харажатга айланиши мумкин. Шу нуқтаи назардан, ижара бозорида нархларнинг аҳоли, хусусан, талабалар имкониятига мутаносиблиги масаласи ижтимоий аҳамият касб этади.
Давра суҳбатида мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича бир қатор таклифлар билдирилди. Жумладан, талабалар турар жойларини барпо этиш ҳажмини талабалар сони ва реал эҳтиёждан келиб чиқиб ошириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож талабалар учун турар жой ажратишда манзилли ёндашувни кучайтириш таклиф қилинди.