Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашида «Қарақалпақстан ҳаўазы» газетаси бош муҳаррири, «Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталарининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича мухбири, «Олтин қалам» миллий мукофоти совриндори, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист Мнажатдин Қутлимуратовнинг «Миллионер жаноб» номли янги китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Вафоев, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, шаҳар ва туман кенгашлари раҳбарлари, депутатлар, фаоллар иштирок этди.
Тадбирни Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси, Жўқорғи Кенгесдаги партия фракцияси раҳбари Халилла Ешимбетов олиб борди. У Мнажатдин Қутлимуратовнинг ижоди ҳақида тўхталиб, журналист ва ёзувчи сифатида унинг долзарб мавзуларни кўтараётгани, ижодий изланишлари эътиборга молик эканини таъкидлади.
Сўзга чиққан Улуғбек Вафоев муаллифни янги асар нашр этилгани билан табриклаб, унга ижодий муваффақиятлар тилади.
Маълумот ўрнида, «Миллионер жаноб» муаллифнинг олтинчи китоби ҳисобланади.