Мирзачўл туманидаги 17-умумтаълим мактабида “Инсонга фаровонлик, жамиятга эркинлик, давлатга масъулият!” шиори остида тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зулайҳо Акрамова сўзга чиқиб, референдум тушунчасининг мазмун-моҳияти, янгиланаётган Конституциямизнинг мамлакатимиз фуқаролари ҳаётида тутадиган ўрни, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган эътибор, халқимизнинг турмуш тарзини янада фаровонлашиши, инсон қадрини юксалтиришга қаратилганлиги ҳақида батафсил гапириб ўтди.
Бош Қомусимизнинг 43-моддасида давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши борасидаги нормалар ўрин олган. Янгиланаётган Конституциямиз бутун жамиятимизни жипслаштириши, унда барча қатлам манфаатлари инобатга олинганлиги, лойиҳани ишлаб чиқишда кенг жамоатчилик, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, экспертлар ва илмий доиралар вакиллари, зиёлилар фаол иштирок этганлиги таъкидланди.
Тадбирда сўзга чиққанлар халқимизнинг нурли истиқболи, барқарор иқтисодий тараққиётимиз, эл бахти ва фаровонлиги кафолати бўлган тарихий ҳужжатга бефарқ бўлмасдан, 30 апрелда бўлиб ўтадиган референдумда фаол иштирок этишга чақиришди.