Нукус шаҳрида Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши томонидан «Бандлик ва меҳнат муносабатлари – ёшлар учун имкониятлар» мавзусида форум ташкил этилди.
Унда ёшларни муносиб иш ўринларига йўналтириш, меҳнат ҳуқуқлари ва кафолатларини таъминлаш, касбга ўқитиш ҳамда бандлик соҳасидаги мавжуд муаммолар муҳокама қилинди.
Форумда қайд этилганидек, жорий йилнинг ўтган даврида Қорақалпоғистонда 230 та бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилиб, 14 мингдан ортиқ бўш иш ўринлари таклиф этилган. Амалга оширилган чоралар натижасида 1 060 нафар ёш ишга жойлаштирилган, 769 нафар фуқаро эса касбга ўқитиш ва қайта тайёрлаш курсларига йўналтирилган.
Тадбирда Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси, Жўқорғи Кенгесдаги партия фракцияси раҳбари Халилла Ешимбетов, соҳа масъуллари, депутатлар ва ёшлар вакиллари иштирок этиб, меҳнат шартномаларини қонуний расмийлаштириш, ишга қабул қилишда шаффофликни таъминлаш ҳамда ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Ўзбекистон ХДП позициясига кўра, ёшлар бандлиги фақат иш ўринлари таклиф этиш билан чекланмаслиги керак. Муҳими, ҳар бир ёш ўз билими ва қобилиятига мос иш топиши, меҳнати муносиб баҳоланиши, меҳнат ҳуқуқлари ва ижтимоий кафолатларидан фойдаланиши учун зарур шароит яратилиши лозим. Шу мақсадда давлат ташкилотлари, иш берувчилар ва таълим муассасалари ҳамкорлигини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Форум якунида бир қатор фаол ёшлар Фахрий ёрлиқ ва партиянинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.