XXI асрда технологик тараққиёт давлатлар қудрати, иқтисодий рақобатбардошлик ва халқаро муносабатлар тизимини белгилаб бераётган асосий омиллардан бирига айланди. Айниқса, сунъий интеллект технологияларининг жадал ривожланиши инсоният олдида илгари мавжуд бўлмаган имкониятлар билан бир қаторда, янги ва мураккаб таҳдидларни ҳам юзага чиқармоқда. Бугун сунъий интеллектдан иқтисодиёт, таълим, тиббиёт, давлат бошқаруви ва илм-фан соҳаларида самарали фойдаланиш имкониятлари кенгайиб бораётган бир шароитда унинг ахборот манипуляцияси ва бошқа ноқонуний мақсадларда қўлланилиши халқаро хавфсизликнинг долзарб муаммосига айланмоқда.
Бундай шароитда сунъий интеллектни фақат технологик тараққиёт воситаси сифатида эмас, балки давлат ва жамият хавфсизлиги, инсон ҳуқуқлари, ижтимоий барқарорлик ҳамда халқаро ҳамкорлик билан узвий боғлиқ стратегик йўналиш сифатида баҳолаш зарурати пайдо бўлмоқда.
Остона шаҳрида Ақаба жараёни доирасида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг сунъий интеллект соҳасида хавфсизлик масалаларига бағишланган учрашуви айнан шу нуқтаи назардан алоҳида сиёсий ва амалий аҳамият касб этди. Унда Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар мамлакатимизнинг рақамли тараққиёт, минтақавий хавфсизлик ва халқаро ҳамкорлик масалаларидаги стратегик позициясини яна бир бор намоён этди.
Мазкур учрашувнинг сиёсий аҳамиятини фақат навбатдаги халқаро мулоқот ўтказилгани билан баҳолаш тўғри бўлмайди. Унда минтақавий хавфсизлик тушунчасининг мазмунан кенгайиб бораётгани, анъанавий таҳдидлар билан бир қаторда рақамли маконда шаклланаётган янги хавфларга ҳам биргаликда жавоб бериш зарурати кун тартибига қўйилди.
Ақаба жараёнининг ўзи халқаро хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликнинг ўзига хос майдони ҳисобланади. Унинг асосий хусусияти муайян хавфсизлик муаммолари юзасидан тажриба алмашиш ва амалий ечимлар ишлаб чиқиш учун мослашувчан мулоқот майдони вазифасини бажаришидадир.
Остонадаги учрашувда эса мазкур ҳамкорликнинг янги йўналиши — сунъий интеллект хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратилди. Зеро, бугун сунъий интеллект ёрдамида рақамли макондаги таҳдидлар тобора мақсадли, тезкор ва трансчегаравий хусусият касб этмоқда. Шу сабабли, уларга қарши курашишни фақат алоҳида давлатнинг миллий имкониятлари доирасида ташкил этиш етарли эмас. Президентмиз ташабуссининг муҳим сиёсий мазмуни ҳам айнан шунда, яъни, замонавий хавфсизликни таъминлашда технологик имкониятлар, инсон капитали, маърифат ва халқаро ҳамкорликни ягона стратегик ёндашув асосида бирлаштириш зарурлигидадир.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган «Инсон манфаатлари йўлида рақамли тараққиёт» ташаббуси нутқнинг энг муҳим концептуал ғояларидан бири бўлди. Бу ёндашувнинг аҳамияти шундаки, технологик тараққиётнинг натижадорлиги фақат яратилган дастурлар, автоматлаштирилган тизимлар ёки иқтисодий кўрсаткичлар билан эмас, балки уларнинг инсон ҳаётига, унинг ҳуқуқ ва манфаатларига, жамият фаровонлигига кўрсатаётган таъсири билан баҳоланиши лозим.
Бугун сунъий интеллект таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, илмий тадқиқотларни жадаллаштириш, давлат хизматларининг сифатини ошириш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини юксалтириш учун улкан имкониятлар яратмоқда. Бироқ, технологиялардан фойдаланишнинг ўзи тараққиётни кафолатламайди. Уларнинг қандай мақсадларда, қайси қадриятлар ва ҳуқуқий тамойиллар асосида қўлланилиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Президентимиз илгари сурган ташаббус айнан шу жиҳатдан муҳим. У технологик тараққиётни инсонпарварлик, маърифат ва ижтимоий масъулият тамойиллари билан уйғунлаштиришни назарда тутади.
Шу нуқтаи назардан, рақамли саводхонликни ошириш, медиамаданият ва танқидий фикрлаш кўникмаларини шакллантириш, ёшларни мустақил таҳлил қилишга ўргатиш хавфсизлик сиёсатининг муҳим таркибий қисмига айланиши керак.
Ҳолбуки, билимли, мустақил фикрлайдиган ва ахборотни танқидий баҳолай оладиган жамият ташқи мафкуравий таъсирларга нисбатан анча барқарор бўлади.
Маълумки, сунъий интеллект технологиялари давлат чегараларини тан олмайди. Бир мамлакатда яратилган алгоритм, ахборот платформаси ёки рақамли маҳсулот бошқа давлатларнинг иқтисодиёти, ахборот макони ва ижтимоий ҳаётига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Шу сабабли ушбу соҳадаги хавфларни фақат миллий қонунчилик доирасида ҳал этиш имконияти чекланган. Бунда халқаро ҳуқуқий стандартлар, давлатлар ўртасидаги ахборот алмашинуви, технологик ҳамкорлик ва умумий масъулият тамойилларини шакллантириш муҳимдир.
Ўзбекистон БМТнинг Сунъий интеллектни бошқариш масалалари бўйича глобал мулоқотини қўллаб-қувватлаши мамлакатимизнинг сунъий интеллектни бошқариш масалаларида халқаро ҳамкорликни кучайтириш тарафдори эканини кўрсатади.
Шу жумладан, парламентлар олдида ҳам бу борада бир қатор муҳим вазифалар турибди. Парламентлараро ҳамкорлик доирасида сунъий интеллектдан фойдаланиш билан боғлиқ хавф-хатарларга қарши курашиш, рақамли хавфсизлик соҳасида самарали ҳуқуқий механизмларни яратиш ва илғор тажрибаларни алмашиш муҳим аҳамият касб этади.
Умуман, Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар нафақат мамлакатимиз, балки бутун Марказий Осиё минтақасида рақамли хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга муносиб ҳисса қўшади.
Фирдавс ШАРИПОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси раҳбари ўринбосари.