Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ўрол Ўрозбоев, ЎзХДП Жиззах вилоят Кенгаши масъуллари ва бир гуруҳ мутахассислар билан биргаликда Жиззах вилоят прокуратураси, шаҳардаги 14-сонли умумтаълим мактаби ҳамда Иттифоқ маҳалласида жойлашган нафис санъат ихтисослашган мактабларида бўлишиб, фуқаролар билан учрашув ташкил этишди.
Депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасининг мазмун-моҳияти тўғрисида тадбир иштирокчиларига тўлиқ ва батафсил маълумотлар берилди.
Депутат Ўрол Ўрозбоев Конституцияга ёшлар билан боғлиқ алоҳида боб киритилаётганини алоҳида таъкидлаб, келажагимиз эгаларининг таълим олиши, ижтимоий ва тиббий ҳимояси, уй-жойли бўлиши, бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш – конституциявий мажбурият сифатида белгилаб қўйилаётганини таъкидлади.
Арнасой туманидаги 1-умумтаълим мактабида “Халқ конституцияси, халқ танлови” шиори остида тарғибот тадбири бўлиб ўтди. Янги таҳрирдаги конституциямизда давлатимиз томонидан азиз фарзандларимиз, болаларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг таълим олиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш бўйича махсус норма киритилаётгани ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш Ғаллаорол туман бўлимида "Янги Конституция билан умуммиллий тараққиёт сари" мавзусида тарғибот тадбири бўлиб ўтди. Мулоқотда Конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти юзасидан батафсил маълумотлар берилди.
Учрашувлар сўнггида депутатлар халқимиз тақдири ва эртанги кунини белгилаб берадиган тарихий Қонунга бефарқ бўлмасдан, 30 апрелда бўлиб ўтадиган референдумда фаол иштирок этишга чақиришди.