Фориш туман маданият марказида Янги Ўзбекистоннинг янгиланаётган Конституциясига бағишланган тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Зулайҳо Акрамова сўзга чиқиб, Бош Қомусимизга киритилаётган ўзгартишларнинг мазмун-моҳияти, соҳага доир муҳим жиҳатлар хусусида сўз юритди. Шунингдек, асосий Қонунимиз мамлакатимизда янги ҳаёт, янги жамият барпо этиш йўлида қўлга киритилаётган барча ютуқ ва марраларимизнинг хуқуқий пойдевори – келажагимизнинг ишончли кафолати эканлигини таъкидлади.
Тадбирда таъкидланганидек, янгиланаётган Конституциянинг 1-моддасига биноан Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат экани қатъий белгилаб қўйилмоқда.
Ўзбекистон ХДП Жиззах вилоят кенгаши Ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш сектори Зомин тумани Ёшлар марказида ҳам ана шундай учрашувлардан бири бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон ХДП туман кенгаши раиси Рахмонқул Маматқулов иштирок этди. Ёшларга қабул қилинаётган янги тахрирдаги Конституциянинг XIV боб оила , болалар ва ёшлар тўғрисидаги 76, 77,78, 79, 80-моддаларнинг мазмун ва моҳияти, шунингдек давлат ва жамиятнинг мажбуриятлари тўғрисида тушунчалар берилди. Янги таҳрирдаги Конституциямизда илк бор давлат ёшларнинг таълим олишига, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқариш учун шароит яратиши мустаҳкамламоқда. Учрашувда иштирок этган ёшлар Конституциявий қонун лойиҳасини маъқуллаб, 30 апрель куни бўлиб ўтадиган Референдумда фаол иштирок этиш тўғрисидаги таклифни қўллаб-қувватладилар.
Ўзбекистон ХДП Жиззах шаҳар Кенгаши ва партия депутатлик гуруҳининг ташаббуси билан Жиззах шаҳри Маҳалла марказида хотин-қизлар фаоллари ва Жиззахлик МФЙ фуқаролари иштирокида тарғибот тадбири ташкил қилинди.
Тадбирда асосий эьтибор янги қабул қилинаётган Қомусимизнинг халқимиз ҳаётида тутган муҳим ўрни ва аҳамияти, энг асосийси, инсон омили олий қадрият, деб эътироф этилаётганлиги, барча қатламлар манфаатларини ифода этган ҳолда мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилишига қаратилди.