Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига Жиззах вилоятидан кўрсатилган такрорий овоз беришларда иштирок этувчи номзодлар

Улуғбек Қосимов, тарих, давлат ва ҳуқуқ асослари, банк иши, “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки Жиззах вилояти филиали бошлиғи, 32-Жиззах сайлов округидан номзод:

– Ўзбекистон Халқ демократик партияси ижтимоий аҳамиятга молик товар ва хизматлар нархлари ва тарифлари норматив ҳужжатларда белгиланган меъёрлардан ошиб кетмаслиги учун ушбу нархларни шакллантириш устидан қатъий давлат ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш тарафдори. Шундан келиб чиқиб, импорт ўрнини босувчи ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулот ишлаб чиқарувчиларга импорт товарларидан олинадиган даромадларнинг бир қисмини имтиёзли кредит беришга йўналтириш тартибини жорий этиш зарур.

 

Зулайҳо Акрамова, педагог, халқаро муносабатлар магистри, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, 33-Дўстлик сайлов округидан номзод:

– Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида аҳоли билан кўп учрашувлар, мулоқотлар ўтказдим. Ўрганишлар ҳамда тегишли ижтимоий гуруҳлар билан ўтказилган мулоқот натижаларидан келиб чиқиб, амалдаги қонунчиликка давлат-хусусий шериклиги ҳамда ижтимоий тадбиркорлик асосида аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг аниқ процессуал механизмларини киритишни назарда тутувчи таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда уларни партиянинг парламентдаги фракцияси орқали қонунчилик ташаббуси сифатида илгари суришни мақсад қилганман.

 

Ўрол Ўразбоев, педагог, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Жиззах вилоят кенгаши раиси, 37-Шароф Рашидов сайлов округидан номзод:

– Меҳнат қилиш ҳуқуқи — инсон учун энг ҳаё­тий ва ишончли ижтимоий ҳимоя, орзу-истаклари, фарзандлари камолоти йўлидаги тенги йўқ таянч воситасидир. Бу масала кечиктириб бўлмайдиган ва ҳал этилиши керак бўлган энг муҳим масалалардан биридир. Партиямиз фикрича, бандлик ва ишсизликка қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишга доир илғор хорижий тажрибани ўрганиш керак.

Ўрганишлар натижаси асосида аҳоли бандлигини таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳамда бошқа тегишли қонун ҳужжатларига зарур ўзгартиришларни киритиш бўйича таклифлар тайёрлаш ва парламентдаги фракцияси орқали қонунчилик ташаббуси сифатида олиб чиқишни кўзда тутган.

Ишончимиз комилки, номзодларимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланса, депутат сифатида ҳам самарали фаолият кўрсатади, ҳаётий таклифлар қонунларда акс этиши учун курашади ва бунинг уддасидан чиқа олишади.

 

Халқ демократик партияси номзодларига овоз беринг!

Теглар

Сайлов-2019
← Рўйхатга қайтиш