Ўзбекистон ХДП фракцияси: қонунлар, аввало, халқ манфаатларига хизмат қилиши керак

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикасининг конституциявий суд ишларини юритиш, айрим қонун ҳужжатларига якка тартибдаги тадбиркорларнинг лизинг олиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, давлат органлари мансабдор шахсларининг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни тўлақонли амалга ошириши учун зарур ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Дастлаб депутатлар Конституциявий судга мурожаат қилиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида фуқаролар ва юридик шахсларнинг шикоятларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш, конституциявий суд ишларини юритиш, хулоса ва қарорларни қабул қилиш каби процессуал масалаларни ўз ичига олган конституциявий суд ишларини юритишни тартибга солувчи конституциявий қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.

Қайд этилишича, конституциявий суд ишларини юритишга оид нормаларда муайян бўшлиқлар, ҳуқуқий ноаниқликлар ва фуқароларнинг конституциявий одил судловга эришишга тўсқинлик қилувчи нормалар мавжуд бўлиб, дастлабки конституциявий назоратни амалга ошириш механизмлари белгиланмаган.

Мазкур қонун лойиҳаси билан конституциявий суд ишларини юритишни тартибга соладиган нормаларни алоҳида қонунда мустаҳкамлаб қўйиш назарда тутилмоқда.

Жараёнда фракция аъзолари турли қонун ҳужжатларида акс этган айрим шахсларнинг дахлсизлиги ва иммунитетига оид махсус кафолатларни тизимлаштиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ҳам кўриб чиқдилар.

Шу билан бирга, йиғилишда депутатлар томонидан кенг муҳокама этилган якка тартибдаги тадбиркорларнинг лизинг хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси кичик бизнес ва ўзини ўзи банд қилиш орқали даромад топаётган фуқаролар учун алоҳида аҳамиятга эга.

Хусусан, якка тартибдаги тадбиркор ҳам ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ёки бошқа фаолияти учун зарур бўлган техник ускуналар, яъни лизинг объектларини харид қилишда муқобил молиялаштириш манбасидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Бу, айниқса, катта миқдорда бошланғич маблағга эга бўлмаган кичик тадбиркорлар учун муҳим жараён.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастурларида ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, имтиёзли молиялаштириш механизмларини ривожлантириш ҳамда аҳоли учун даромад манбаларини кўпайтириш муҳим вазифалар сифатида белгиланган.

Шу нуқтаи назардан, фракция аъзолари мазкур ташаббуснинг аҳамияти фақат лизинг муносабатларини техник жиҳатдан тартибга солишда эмас, балки фуқаронинг ўз меҳнати ва тадбиркорлик салоҳияти орқали барқарор даромад топиши учун молиявий имкониятлар доирасини кенгайтириш ҳамда аҳолини камбағалликдан чиқишига кўмаклашишдан иборат бўлиши зарурлигини таъкидладилар.

Шу боис, таклиф этилаётган мазкур янги механизм билан бир қаторда, шаффоф шартномалар, тушунарли тўлов жадвали, ортиқча молиявий юкнинг олдини олиш ва тадбиркорнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш масалаларига ҳам эътибор қаратилиб, ушбу қонун лойиҳаси кичик тадбиркорликни ривожлантириш ва фуқароларнинг иқтисодий фаоллигини рағбатлантиришга қаратилган ҳуқуқий кафолат сифатида аҳамиятли экани қайд этилди.

Шунингдек, йиғилишда Энергетика вазирининг соҳадаги ислоҳотлар ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик юзасидан ахборотини эшитиш ҳамда Рақамли технологиялар вазирига “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 2026 йилга мўлжалланган айрим мақсадли кўрсаткичларига эришиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида” парламент сўровини юбориш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Кун тартибидан ўрин олган масалалар юзасидан Ўзбекистон Халқ демократик партияси электорати манфаатлари ҳамда партия дастурий ғояларидан келиб чиқиб тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш