Давлатимиз раҳбари илгари сурган бешта ташаббусни амалга ошириш баркамол авлодни тарбиялашда жуда катта аҳамиятга эгалиги ҳақида узоқ гапиришга ҳожат йўқ.
Спорт билан шуғулланган, мусиқа ва санъатга яқин, китобга дўст, ахборот технологияларидан унумли фойдалана оладиган ёшларнинг аввало фикри теран, ҳаётга қараши тўғри бўлиб шаклланади. Бундай ёшларда режа, мақсад аниқ бўлади, улар ҳаётда, жамиятда ўз йўли ва ўрнини топишга қийналмайди.
Бешта ташаббусдан кўзланган ният эзгу, мамлакат миқёсида шу йўналишдаги амалий ишлар бўй чўзяпти, шароит ва имкониятлардан болаларнинг қувончи ортяпти.
Лекин манзара ҳамма жойда ҳам кўнгилдагидек дея олмаймиз. Марказдан узоқлашилгани, шаҳарлардан чиқиб қишлоқ жойларга яқинлашилгани сари бешта ташаббус таъсирини сезиш қийинлашади. Биз буни очиқ айтиб, тан олмасак, ўзимизни, энг ёмони, болаларимизни алдаган бўламиз.
Масалан, Наманган вилояти Поп туманида бешта ташаббуснинг муҳим йўналиши – болалар спорт билан шуғулланиши учун шароит яратиш масаласи ҳамон оқсаяпти.
Бу мавзу ҳақида гап бошлашдан аввал Поп туманида яхши шароитли, намунали мактаблар, фидойи ўқитувчилар кўплигини айтиб ўтишимиз керак.
Аммо факт, реал ҳолат шундайки, тумандаги 72 та умумий ўрта таълим мактабининг 32 тасида, яъни 44,4 фоизида ҳали ҳам спорт зали йўқ.
Хусусан, 57-сонли умумтаълим мактаби ҳақида мулоҳаза юритсак. Ушбу мактаб 1964 йилда қурилган бўлиб, аслида 270 ўринга мўлжалланган, бироқ шу кунларда мактабда 464 нафар ўқувчи икки сменада таҳсил олмоқда. Уларга 52 нафар ўқитувчи таълим-тарбия бермоқда.
Мактаб директори Олимжон Тўрақуловнинг айтишича, мактаб давлат дастури асосида 2018 йилда таъмирдан чиқарилган. Аммо ажратилган бир миллиард сўм маблағ режалаштирилган ишларнинг эллик фоизига етган холос. Капитал таъмирлашдан чиқарилганига эндигина бир йил бўлган мактабда спорт зали йўқ, олти йил аввал ҳашар йўли билан қурилган майдонча жисмоний тарбия машғулотларини ўтказиш учун умуман яроқсиз.
– Спортга меҳр қўйган ўқувчилар оз эмас, бир кун мактабда шароит яхшиланса, уларнинг ичидан камида Ўзбекистон чемпионлари чиқишини орзу қиламан, – дейди жисмоний тарбия ўқитувчиси Акбаржон Холмирзаев.
Бугун фан ва таълим ривожини, ўқувчиларнинг илм олишида ахборот технологияларнинг ўрни ва аҳамиятини изоҳлашга зарурат йўқ. Чунки бугун интернетсиз фан ва таълим янгиликларини ўрганиш, ўзлаштиришнинг имконияти жуда кам. Бироқ ушбу мактабда дарс машғулотларида интернет тизимидан фойдаланиш имконияти йўқ. Мактаб ҳисобида 10 та соз ҳолатдаги компьютер мавжуд бўлиб, “кутиб туриб дарс ўтиш навбат”и асосида дарс машғулотлари ўтилади.
Шунингдек, мактабда кимё-биология хонаси дарс машғулотларини давлат таълим стандартлари асосида ўтиш учун зарур жиҳозлар билан таъминланмаган. Ўқувчиларга зарур лаборатория машғулотларини ўтказишга шароит яратилмаган бир вақтда улар қандай орзулар ҳақида ўйласин?..
Синф хоналарининг етишмаслигидан тўгаракларда машғулотлар ўтказилмайди, кутубхонага икки ўқувчи кирса, учинчиси сиғмай қолади.
26 йиллик иш тажрибасига эга кутубхоначи Асила Бозорованинг айтишича, мамлакатимизда бешта ташаббус асосида китобхонликни кучайтириш мақсади ҳам ўрин олганидан, соҳага муносабат ортаётганидан қанчалик хурсанд бўлса, рисоладагидек ишлаш учун шароит таъмирдан кейин ҳам яратиб берилмаганидан шунчалик афсусда.
Мактаб ҳовлисида ўқитувчи онасини кутиб турган 1-синф ўқувчиси Абдулазиз Абдураҳмоновнинг дарс машғулотларидан кейин тўгаракларга қатнаши сўралганда,“дарслар тугади, спорт тўгарагими, мусиқа тўгарагими бўлганида ҳозир маза қилиб шуғулланаётган бўлардим” деган жавобни олдик.
219157 киши истиқомат қилаётган тумандаги мавжуд 72 та умумтаълим мактабининг 32 таси ўз спорт залига эга эмаслигидан минглаб болаларнинг Абдулазиз каби уйлаётган бўлиши жуда ачинарли ҳолдир.
57-сонли мактаб жойлашган “Ғурумсарой” қишлоғидаги жами 4 та мактабнинг учтасида алоҳида спорт зали йўқ. “Ғурумсарой” туман марказидан йигирма чақириб олисда...
Балки марказдаги мактабларда аҳвол яхшироқ, деб ўйларсиз. Шундай ўй билан туман марказидаги 40-сонли умумтаълим мактабида бўлдик.
Бу мактаб 1987 йилда қурилган, шу янги ўқув йилидан “Обод марказ” дастурига мувофиқ таъмирдан чиқарилган. Лекин шу мактабда ҳам спорт зали йўқ. Педагогик жамоа, фахрий муаллимлар ўзаро маслаҳатлашиб, мазкур масалани ҳокимият ва тегишли бошқармаларга маълум қилишган, кўмак сўрашган. Бироқ натижа чиқмаган...
– Агар шароит яратилса, нафақат ўқувчилар, биз ўқитувчилар ҳам спорт билан шуғулланамиз, – дейди мактабнинг олий тоифали немис тили фани ўқитувчиси Эъзозхон Турғунова.
Бу мактабда ҳам кутубхона тор, китобхон ўқувчилар билан шуғулланиш учун шароит йўқ.
Йўлимиз 4-сонли умумтаълим мактабига тушди. 1964 йилда қурилган бино 1210 ўқувчини ўқитишга мўлжалланган. Бугунги кунда 818 нафар ўқувчи таълим тарбия олаётган мазкур мактабда икки сменада 67 нафар ўқитувчи дарс машғулотлари олиб бормоқда. 1989 йилда қурилган икки қаватли ўқув биносининг яқинига йўлаш хатарли. Ўрта ва бурчакларидан ёрилган бино деворлари қулаб тушаётгандек.
Гап шундаки, жуда оғир аҳволдаги бу бино 2005 йил бир миллиард сўм маблағ ҳисобига таъмирланган бўлса-да, бугун авария ҳолатида. Бинодан 5-6 метр нарида яна бир ўқув бино жойлашган, унда 100 нафардан ортиқ бошланғич синф ўқувчилари дарс ўтишади. Танаффус вақтлари авария ҳолатидаги бинонинг ёнида болалар ўйнашар экан...
Поп туманидаги 7-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида 12 йўналиш бўйича 310 нафар ўқувчи таълим олади. Уларга 48 нафар ўқитувчи дарс беради. Мактаб директори Аҳмаджон Давроновнинг айтишича, мактабда қулай шароит яратилган, лекин сўнгги вақтларда болаларини шу ерда ўқитиш истагини билдириб, мурожаат қилаётган ота-оналар кўпайибди. Янги ўқувчилар учун жой етишмас экан...
Мактаблардаги ҳолатни ўрганиб, кўпчилик билан суҳбатлашиб, аниқ бир хулосага келдик: ота-оналарда ҳам, болаларда ҳам яхши шароитга, ўқишга, илғор фикрлашга интилиш кучайибди. Биз, депутатлар, мутасадди давлат ташкилотлари раҳбарлари бундан хурсанд бўлишимиз, болаларимизга қўлдан келганча, имкон етганча шароит яратишимиз зарур.
Болаларнинг ўқиш, спорт билан шуғулланиш, яхши инсон бўлишга интилиш ҳисси энг қимматли куч, фикрни бир жойга қўйиб, камчиликларни тузатиш, спорт заллари қуришнинг имконини қилса бўлади, деб ўйлаймиз.
Шунинг учун халқ депутатлари Поп туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи бу масалани атрофлича таҳлилий ўрганиб, таклифларни шакллантириш ва туман Кенгаши сессияси муҳокамасига олиб чиқиш устида ишлаяпти.
Куз-қишнинг ёмғирли, қорли-қировли кунлари яқин, келгуси йил қиш яна келади. Ўқувчиларга спорт заллари керак, яхши шароит керак, биз ота-она бўлиб, депутат бўлиб, давлат давлат бўлиб, бунинг имконини топишимиз зарур, деб ўйлайман.
Абдулмуҳаммад ДЎСМАТОВ,
Халқ депутатлари Поп туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи раҳбари