Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳамда Тошкент Фан ва технологиялар университети ҳамкорлигида талаба-ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш, ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлаш ва фуқаролик позициясини мустаҳкамлашга қаратилган “Сиёсатчи ёшлар” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Учрашувда Ўзбекистон ХДПнинг ижтимоий адолат, тенг имкониятлар, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари манфаатларини таъминлаш борасидаги сиёсий позицияси ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, ёшларнинг таълим олиши, касбий ривожланиши ва жамият ҳаётида муносиб ўрин эгаллаши учун зарур шарт-шароитларни яратиш масалаларига эътибор қаратилди.
Мулоқот давомида ёшларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва сиёсий жараёнлардаги иштирокини кенгайтириш, уларнинг фикр ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, етакчилик салоҳиятини ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди. Очиқ мулоқотда талабалар ўз таклифларини билдириш, партия фаолияти ва унинг дастурий мақсадлари юзасидан саволлар бериш имконига эга бўлди.
Ўзбекистон ХДП ёшларни мамлакат тараққиётига дахлдор, ўз қарашлари ва ташаббусларига эга фаол ижтимоий куч сифатида кўради. Шу боис уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, сиёсий жараёнлардаги иштирокини кенгайтириш ва ташаббусларини рўёбга чиқариш партия фаолиятининг муҳим йўналишларидан биридир.
Бундай учрашувлар партия ва олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, талаба-ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда фаол фуқаролик позициясини шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.