Паркент туманидаги Файзобод маҳалласида жойлашган 19-сонли мактабгача таълим ташкилотида қурилиш-таъмирлаш ишлари белгиланган муддатда якунланмагани сабабли 120 нафар бола боғчага қатнай олмаяпти.
1961 йилда қурилган, 120 ўринли мазкур боғчада таъмирлаш ишлари август ойи бошида «Ташаббусли бюджет» доирасида ажратилган 1,6 миллиард сўм маблағ ҳисобидан бошланган. Бироқ орадан қарийб тўрт ой ўтган бўлса-да, ишлар ҳануз якунига етказилмаган.
Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП депутати Муҳсиддин Низомиддинов маҳалла еттилиги ва ота-оналар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ билан биргаликда қурилиш жараёнини жойига чиқиб ўрганди. Ўрганиш давомида бажарилиши лозим бўлган ишлар, қурилиш сифати ва мавжуд камчиликлар юзасидан масалалар аниқланди.
Масъул ташкилотлар олдига қурилиш-таъмирлаш ишларини жадаллаштириш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланишини таъминлаш ҳамда бинони болалар учун хавфсиз ва қулай ҳолатга келтириш вазифаси қўйилди.
Ўзбекистон ХДП болаларнинг сифатли таълим-тарбия олиши, мактабгача таълим ташкилотларида хавфсиз ва муносиб шароит яратилишини муҳим ижтимоий вазифа деб билади. Шу нуқтаи назардан, боғча таъмирининг ўз вақтида ва сифатли якунланиши нафақат қурилиш жараёни, балки 120 нафар боланинг таълим-тарбия жараёнига қайтиши ва ота-оналарнинг хотиржамлиги билан ҳам бевосита боғлиқ.
Мазкур масала депутатлик ва жамоатчилик назоратида қолади. Қурилиш ишлари якунланиши ҳамда аниқланган камчиликлар бартараф этилиши юзасидан ўрганишлар давом эттирилади.