Президентимизнинг Андижон вилоятига ташрифи давомида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишиш жараёни бир ҳақиқатни яққол кўрсатди. Бугун Андижонда фақат янги корхоналар қуриш эмас, балки замонавий инфратузилма, инвестиция, ишлаб чиқариш, таълим, экспорт ва бандликни бир-бирига боғлайдиган яхлит тизим шаклланмоқда. Буни рақамлар ҳам тасдиқлайди.
Вилоятда умумий қиймати 9,4 миллиард доллар бўлган 206 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Шундан 98 таси ишга туширилган, 108 тасининг қурилиши бошланган. Уларнинг натижасида 45 мингдан зиёд янги иш ўрни, йилига 60,6 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва 533 миллион долларлик экспорт салоҳияти яратилиши кутилмоқда.
Энг муҳими, бу ўзгаришлар бир-бирини тўлдирмоқда. Масалан, Андижон халқаро аэропорти реконструкцияси транспорт инфратузилмасини янги босқичга олиб чиқмоқда. Аэропортнинг соатига 200 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти янги терминал ишга тушгач, 5 баробар ошади. Парвозлар сони йилига 808 тадан 2 500 тага, йўловчи ташиш имкониятини эса 3,5 миллион нафарга етказиш режалаштирилган. Бу нафақат йўловчилар учун қулайлик, балки инвестиция, туризм ва ташқи иқтисодий алоқалар учун ҳам янги имкониятдир.
Иккинчи муҳим йўналиш — юқори қўшилган қийматли ишлаб чиқариш. “Eco Cotton” корхонасига 10 миллион доллар инвестиция киритилиб, 1 мингта доимий иш ўрни яратилган. Бу ерда маҳаллий хомашё чуқур қайта ишланиб, тайёр трикотаж маҳсулотига айлантирилмоқда. Йилига 9,4 миллион дона маҳсулот ишлаб чиқариш ва 10,5 миллион долларлик экспорт салоҳияти яратилган. Эътиборли жиҳати шундаки, ишлаб чиқаришда сунъий интеллект, автоматлаштириш ва дуал таълимнинг қўлланилаётганидир.
Демак, биз энди фақат “қанча иш ўрни яратилди?” деган савол билан чекланмаслигимиз керак. Асосий масала — бу иш ўринлари қанчалик барқарор, ходимларнинг малакаси ва даромади қандай, маҳсулотнинг экспортдаги рақобатбардошлиги қай даражада, деган саволларга жавоб топишдир. Шу нуқтаи назардан дуал таълим тизимининг саноат билан боғланаётгани алоҳида аҳамиятга эга. “Андижон-Хуаня” халқаро техникуми 5 минг нафар ўқувчига мўлжалланган бўлиб, ёшларни саноат корхоналари учун зарур касбларга тайёрлашга йўналтирилган. Бу “таълим-касб-иш ўрни” занжирини амалда шакллантириш имконидир. Яна бир муҳим жиҳат — Андижоннинг табиий ва ҳудудий имкониятларидан самарали фойдаланишга ўтилаётганидир. Хўжаобод туманида 300 миллион долларлик “Андижон технопарки” ташкил этилиб, 100 гектар майдонда 51 та саноат корхонасини жойлаштириш режалаштирилган.
“Ақлли” сув ҳисоблагичлар ишлаб чиқариш каби технологиялар эса сув ресурсларидан самарали фойдаланишга хизмат қилади. Шунингдек, кичик ГЭСлар учун ускуналар ишлаб чиқариш, қуёш энергиясидан фойдаланиш, чиқиндилардан энергия олиш каби лойиҳалар Андижон саноатида “яшил иқтисодиёт” элементлари кучаяётганини кўрсатади. Балиқчилик, чарм-пойабзал, спорт анжомлари, тўқимачилик каби йўналишларда эса яна бир муҳим тенденция кўзга ташланади — йирик корхона атрофида кооперация ва касаначиликни ривожлантириш.
Масалан, Балиқчи туманида жойлашган “LB Sport” корхонаси 800 та кам даромадли оила билан касаначилик асосида ҳамкорлик қилмоқда. Бу ишлаб чиқаришни аҳоли хонадонларигача олиб кириш ва қўшимча даромад манбасини яратиш нуқтаи назаридан муҳим. Шу боис, бугунги жараёнларга фақат инвестиция ҳажми ёки қурилган объектлар сони билан баҳо бериш тўғри эмас. Асосий масала инвестициянинг инсон ҳаётидаги натижаси.
Айтиш мумкинки, Андижондаги бугунги ўзгаришларнинг энг муҳим жиҳати инвестиция, ишлаб чиқаришга, ишлаб чиқариш эса бандликка, бандлик эса аҳоли даромадига, таълим эса янги иқтисодиёт учун муҳим бўғинга айланди.
Эндиликда асосий вазифа бошланган 108 та лойиҳани ўз вақтида ва сифатли ишга тушириш, яратилган 45 мингдан зиёд иш ўрнининг ҳақиқий ва барқарор бўлишини таъминлаш, экспорт кўрсаткичларини амалда таъминлаш ҳамда ҳар бир лойиҳанинг аҳоли фаровонлигига таъсирини мунтазам баҳолаб боришдир. Андижоннинг янги босқичдаги тараққиёти объектлар сони билан эмас, инсонлар ҳаётидаги аниқ натижалар билан ўлчаниши керак.
Анваржон НУРМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.