Фуқароларнинг мурожаатларини тинглаш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва муаммоларига амалий ечим топиш халқ вакилларининг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда банкрот ҳолатидаги “Оҳангароншифер” АЖ ишчиларидан келиб тушган мурожаатлар жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Маълум бўлишича, корхона ишчиларининг меҳнат ҳақи уч йилдан буён тўланмаган бўлиб, бу ҳолат уларнинг оилавий шароити ва ижтимоий ҳолатига жиддий таъсир кўрсатмоқда.
Мазкур мурожаат юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари Улуғбек Шерматов ва Қизилгул Қосимовалар иштирокида корхона ишчилари билан учрашув ўтказилди.
Учрашув давомида фуқароларнинг муаммолари тингланиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари ва талаблари атрофлича ўрганилди. Депутатлар томонидан ушбу масала қонунчилик доирасида ва масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда ўрганилиб, тегишли чораларни кўриш зарурлиги таъкидланди.
Якунда банкротлик жараёнида ишчиларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг иш ҳақи бўйича қарздорлик масаласини ҳал этиш ва мурожаатни ваколатли ташкилотлар иштирокида назоратга олиш бўйича келишувларга эришилди.