Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Муқаддас Ўразалиева томонидан Жиззах вилояти Зомин тумани сайлов округларида фуқаролар билан учрашувлар ўтказилиб, уларнинг мурожаат ва таклифлари атрофлича ўрганилди.
Хусусан, “Истиқлол” маҳалласида маҳалла фаоллари, кексалар ва маҳалла еттилиги вакиллари билан ташкил этилган учрашувда ҳудудларни ривожлантириш, аҳоли турмуш сифатини яхшилаш ҳамда ижтимоий инфратузилмани мустаҳкамлашга қаратилган масалалар муҳокама қилинди. Билдирилган мурожаатларнинг бир қисми жойида ижобий ҳал этилди, қўшимча ўрганишни талаб этадиган масалалар юзасидан эса масъул ташкилотларга аниқ вазифалар белгиланди.
Ўрганишлар давомида М.Ўразалиева туманнинг Чапарашли қишлоғида жойлашган қишлоқ тиббиёт маскани фаолияти билан ҳам яқиндан танишиб, муассасанинг моддий-техник базаси ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ўрганди.
Шунингдек, “Ташаббусли бюджет” дастури доирасида иккинчи мавсум учун сайловчилар манфаатига хизмат қиладиган, ҳудудларни обод этиш ва аҳоли ҳаётини яхшилашга қаратилган устувор лойиҳалар юзасидан таклифлар шакллантирилди.