Қорақалпоғистонда “Ижтимоий реестр” фаолияти таҳлил қилинди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастурий мақсадлари сўл қанот мафкурасига таянади. Шу сабабдан партия аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, жамиятда ижтимоий тенглик ҳукмрон бўлишига жиддий эътибор қаратади.

Партиямиз ижтимоий хизматларнинг ўз вақтида ва манзилли кўрсатилиши бўйича ўрганишлар ўтказиб, эришилаётган натижалар, юзага келаётган масалаларни соҳа масъуллари ва экспертлар иштирокида таҳлил қилиб бормоқда.

Нукус шаҳрида бўлиб ўтган “Ижтимоий реестр амалиёти: муаммоларга ечимлар ва янги ёндашувлар” мавзусидаги давра суҳбати ҳам бунга яққол мисол бўлди.

Келтирилишича, 2026 йил январь–май ойларида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича кам даромадли оилаларни камбағалликдан чиқариш режасига мувофиқ, 6 минг 627 та оила қамраб олиниши белгиланган. Амалда эса белгиланган режадан анча юқори натижага эришилган. Яъни, 13 минг 301 та оила қамраб олинган. Бунда жами 15 минг 358 та хизмат кўрсатилган.

Депутатлар “Ижтимоий реестр” аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хизматларнинг ўз вақтида ва манзилли бўлишида асосий омил вазифасини бажараётганини, ижтимоий тенглик тамойиллари ҳар бир оилага кириб бораётганини таъкидлашди.

Шу билан бирга, ўрганишларда тизимнинг янада самарадор ва манзилли ишлашига тўсиқ бўлаётган айрим жиҳатлар кўзга ташланган. Жумладан, оилаларнинг таркибини тўғри шакллантиришда ҳали ҳам муаммолар борлиги қайд этилган. Хусусан, “Ижтимоий реестр”га киритиш ёки болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш учун фуқаролардан мурожаат бўлганда вафот этган оила аъзолари оила таркибидан чиқарилмагани, доимий яшаш учун чет элга чиқиб кетган ва оила қурган фарзандлари оила таркибига қўшиб шаклланиши ҳолатлари учраб тургани айтилди.

Бундан ташқари, субсидия ва ссуда ажратиш кўрсаткичлари пастлиги, касб-ҳунарга ўқитиш қамровини кенгайтиришга зарурат борлиги аниқланган. Давра суҳбатида бу каби муаммоли ҳолатларни бартараф этиш билан боғлиқ масалалар ҳақида ўзаро фикр алмашди.

Партия фаоллари “Ижтимоий реестр” тизими партия электорати бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож, камбағаллик чегарасида яшаётган оилаларни қўллаб-қувватлаш, давлат томонидан кафолатланган ёрдамларнинг ҳақиқий эгасига етиб боришида муҳим эканини таъкидлашди.

Депутатлар “Ижтимоий реестр” фаолияти янада самарадор бўлиши учун жойларда доимий ўрганишлар олиб борилиши, аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этишда жамоатчилик ва депутатлик назорати кучайтирилишини маълум қилишди.

Давра суҳбати якунида партия фаоллари, депутатлар ҳамда масъул идоралар вакиллари ўзаро ҳамкорликда ишлаб, ижтимоий ҳимоя масаласида янада самарали ишлашга келишиб олишди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш