Иқтисодий мустақил аёл – фаровон оила асоси

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Бухоро вилоят кенгаши Бухоро шаҳридаги Касбий кўникмалар марказида “Ҳунарли аёл – бахтли оила” мавзусида форум ўтказди.

Халқ демократик партияси Бухоро вилоят кенгаши раиси Зулфия Тўйева очилиш маросимида форумдан мақсад хотин-қизларнинг ҳунармандчилик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш эканини таъкидлади. Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг фаол, ташаббускор ва иқтисодий мустақил аёллар қатламини шакллантириш йўлида амалга ошираётган ташаббус ва лойиҳалари ҳақида атрофлича маълумот берди.

Форумда Бухоро вилоят ҳокимининг ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Ҳафиза Ортиқова “Оила фаровонлигини таъминлаш ва хотин-қизлар учун имкониятлар” мавзусида тақдимот ўтказди. Юртимизда аёлларга яратилаётган имкониятлар, вилоятда улардан самарали фойдаланилаётгани ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Мулоқот давомида ижтимоий, иқтисодий ва касбий ривожланишга қаратилган масалалар муҳокама қилинди. Иштирокчилар учун, айниқса, ўз ишини йўлга қўйиб олган аёлларнинг фикр-мулоҳазалари, тажрибалари жуда қизиқ бўлди. Кўп йиллик тажрибага эга тадбиркор аёллар ўз ишини энди бошлаётган хотин-қизларга шахсий ўсиш, касбий ривожланиш, ижтимоий кўникмаларни ошириш бўйича қимматли тажрибалари билан бўлишишди.

Шунингдек, форумда аёлларнинг жамиятнинг фаол бўғини бўлишига тўсиқ бўлаётган стереотиплар, уларнинг тадбиркорлик билан шуғулланишида, ишга жойлашишида учраётган муаммолар таҳлил қилинди.

Халқ демократик партияси вакиллари бундай муаммоларни нафақат муҳокама қилиш, балки уларга аниқ ечимлар топишга, бу борада масъул идора ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилди.

Форум доирасида аёллар томонидан яратилган маҳсулотлар ва ижод намуналарининг ярмаркаси ташкил этилди. Ҳудудда фаолият юритаётган хотин-қизлар томонидан тайёрланган ҳунармандчилик маҳсулотлари, тадбиркорлик фаолияти натижалари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш