Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг пленуми бўлиб ўтди. Унда партия Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, Олий Мажлис Сенати аъзолари иштирок этди. ЎзХДП Қорақалпоғистон Республика, Тошкент шаҳри ва барча вилоят кенгашлари раислари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгалардаги партия гуруҳлари раҳбарлари видеомулоқот форматида қатнашди.
Пленумни партия Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов очиб берди.
Давлат раҳбарининг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида илк бор кейинги йиллардаги изчил тараққиёт йўлининг улкан натижалари аниқ рақамлар асосида таҳлил қилингани, ижтимоий ҳимоя, ижтимоий хизматлар, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш йўналишларида мутлақо янги тизим шакллангани алоҳида таъкидланди.
Хусусан, 2025 йилда 5 миллион нафар аҳолининг даромад манбалари кенгайтирилди, ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизга камайди. Қарийб 1,5 миллион нафар фуқаро камбағалликдан чиқарилди. Камбағаллик даражасининг 8,9 фоиздан 5,8 фоизга пасайгани манзилли ёндашув, изчил меҳнат ва қатъий назоратга асосланган сиёсатнинг амалий натижаси экани қайд этилди.
Янгиланган “Ўзбекистон – 2030” Тараққиёт стратегияси ва “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йили Давлат дастурида белгиланган мақсад-вазифалар Халқ демократик партиясининг сиёсий ғояларини ривожлантиришга қаратилганлиги эътироф этилди. Шунингдек, кўзланган натижаларга эришиш бутун партия ташкилотлари ва депутатлик корпуси зиммасига катта масъулият юклаши, ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этиш зарурлиги билдирилди.
Жорий йилда камбағалликдан холи маҳаллалар сонини 3,5 мингтага етказиш, 1 миллион нафар фуқарони доимий иш билан таъминлаш, 181 минг оилани камбағалликдан чиқариш орқали камбағаллик ва ишсизлик даражасини 4,5 фоизга тушириш сингари юксак вазифалар белгилангани қонун ижодкорлиги ва уларнинг ижросини ўрганиш, депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, мурожаатлар билан ишлаш, ижтимоий лойиҳалар ўтказиш йўналишларида тизимли ёндашувларни тақозо этади, деди партия етакчиси.
Шунингдек, пленумда депутатларнинг “Ташаббусли бюджет” жараёнларида етарли овоз тўпламаган лойиҳаларни ғолиб, деб топиш, маҳаллаларда яшил ҳудудлар, боғ ва жамоат паркларини барпо этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларидан сайловчилар ва партия электорати манфаатларини янада самарали ҳимоя қилиш йўлида доимий унумли фойдаланиш лозимлиги таъкидланди.
Пленумда партия 10 та устувор йўналишдан иборат Сайловолди дастурини амалга оширишга қаратилган Ҳаракат дастури ижроси ҳам таҳлилий танқидий кўриб чиқилди. Дастурнинг 39 банди амалда бажарилган. Бунда эришилган ютуқлар билан бирга, мақсад ва вазифаларни амалга ошириш жараёнида йўл қўйилган камчиликларга ҳам эътибор қаратилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси қонун ижодкорлиги жараёнида партия дастурий мақсадларини ифода этиш бўйича тизимли иш олиб бормоқда, шу билан бирга, жамиятда содир бўлаётган муҳим воқеа-ҳодисалар, тўғридан-тўғри электорат манфаатлари билан боғлиқ ижтимоий масалаларда фракция аъзолари шахсий ташаббус ва позиция кўрсатиши талаб этилмоқда.
Муҳокамаларда партиянинг юқори органлари томонидан қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлашда талабчанлик ва самарали назорат етарли даражада йўлга қўйилмагани, айрим ҳудудий кенгашлар томонидан электорат манфаатлари билан боғлиқ долзарб масалаларни ўрганиш, уларни очиқ муҳокама қилиш ва қатъий сиёсий позиция билдиришда етарли ташаббус кўрсатилмагани танқид қилинди.
Жорий йилда ҳар бир масъул ўз фаолиятига танқидий баҳо берган ҳолда, зиммасига юклатилган вазифаларни тўлиқ ва юксак масъулият билан бажариши шартлиги айтилди.
Пленумда кун тартибидаги масалалар юзасидан сенаторлар, депутатлар, партия ҳудудий кенгашлари раислари ўз фикр-мулоҳазаларини айтиб, таклифларини билдирди. Шулар асосида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг устувор вазифалари белгилаб олинди. Бунда, аввало, партия сиёсий позицияси, электорат манфаатлари, стратегик ҳужжатларда белгиланган устувор йўналишлар, глобал ўзгаришлар ва жамият эҳтиёжларидан келиб чиқилди.
Биринчидан, парламент ва жамоатчилик назоратининг таъсирчанлигини ошириш, айниқса, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари билан ҳамкорликни янада кучайтириш. Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси устидан бандма-банд депутатлик ва жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш.
Иккинчидан, жорий йилда ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи 2 мингдан зиёд қонунчилик ҳужжатлари қайта кўриб чиқилади. Бу жараёнда ҳар бир депутат фаол ва ташаббускор бўлиши шарт. Қонунлар ҳаётга хизмат қилиши учун уларни такомиллаштиришда фаол позиция зарур.
Учинчидан, депутатлар жойлардаги муаммоларини ўрганиши, уларни очиқ кўтариб чиқиши ва ечими бўйича қатъият кўрсатиши.
Тўртинчидан, жамоатчилик муҳокамалари ва жамоатчилик эшитувларини мунтазам ўтказиб боришга алоҳида эътибор қаратиш муҳим вазифа сифатида белгиланди.
Якунда муҳокама қилинган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.