Пенсия таъминоти билан боғлиқ қонунчилик такомиллашади

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда партиянинг электорати манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама этилди.

Дастлаб “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси атрофлича кўриб чиқилди.

Лойиҳада фуқароларга пенсия тайинлашда янги ахборот технологияларини кенг қўллаш, инсон омилини янада камайтиришга қаратилган меъёрлар ўрин олмоқда. Шу билан бирга, ногиронлиги бор шахсларга пенсия тайинлашда енгилликлар берилиши назарда тутилмоқда.

Маълумотларга кўра, 50 минг нафардан ортиқ ногиронлиги бор шахсларга пенсия тайинлашни соддалаштириш имкони пайдо бўлади. Шу орқали Халқ демократик партияси бир неча марта илгари сурган, ногиронлиги бўлган шахсларни оворагарчиликлардан халос қиладиган ташаббус амалга ошади. Қонун ташаббускорлари партия таклифини алоҳида таъкидлади.

Депутат Ж.Ачиловнинг фикрича, ушбу қонун лойиҳаси нормаларни аниқлаштириши билан ажралиб туради, унинг қабул қилиниши партиямизнинг электорати манфаатлари ҳимоясида муҳим аҳамият касб этади.

Мажлисда “Судьялар ҳамжамияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама этилди. Лойиҳага кўра, судьялар ҳамжамияти органларининг аниқ ҳуқуқий ҳужжатларини шакллантириш назарда тутилмоқда. Бунда фуқароларга ҳуқуқий ёрдам беришнинг аниқ, тартиблаштирилган услублари ягона ёндашув асосида амалга оширилиши белгиланмоқда.

Фракция аъзоларининг қайд этишича, хорижий давлатларнинг тажрибасини мамлакатимизда қўллашнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиш зарур. Аҳолини ҳуқуқий ҳимоя қилиш масалаларига ҳар томонлама таҳлил асосида ёндашиш мақсадга мувофиқ бўлади. Қонун лойиҳалари атрофлича муҳокамалардан кейин қўллаб-қувватланди.

Қонун лойиҳаларида партиянинг электорати манфаатларини ҳимоя қилиш, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор шахсларни алоҳида эътиборга олиш зарурлиги таъкидланди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш