Ҳарбий хизматчи ходимларнинг ижтимоий ҳимояси кафолатланмоқда

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг бугунги йиғилишида муҳим қонун лойиҳалари атрофлича муҳокама этилди.

Хусусан, ҳарбий хизматчилар (ходимлар) ва уларнинг оила аъзоларининг пенсия таъминоти ҳақидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Лойиҳага кўра, ҳарбий хизматчиларнинг пенсия таъминоти билан боғлиқ масалаларни алоҳида қонун билан тартибга солиш назарда тутилмоқда. Унга асосан календарь ҳисобида 30 йиллик тўлиқ ҳарбий хизмат ўтаган ҳарбий хизматчилар юз фоизлик пенсия таъминотини олиши мумкинлиги белгиланмоқда.

ЎзХДП фракцияси аъзоси А.Нурматов ҳаётининг муҳим қисмини ватан тинчлиги йўлидаги хизмат учун бағишлаган юртдошларимизни ижтимоий ҳимоялаш лозимлиги, бу масала партиянинг дастурий мақсадлари билан уйғун эканини таъкидлаб, қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан қувват-қувватлаш ҳақида фикр билдирди.

«Маҳсулотларнинг умумий хавфсизлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси алоҳида муҳокамаларга сабаб бўлди. Лойиҳага кўра, товар-маҳсулотларга нисбатан техник жиҳатдан тартибга солиш, хусусан, мониторинг тизимини йўлга қўйиш назарда тутилмоқда.

Депутат З.Шадиеванинг фикрича, электрон платформалар орқали реализация қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлиги масаласини тартибга солиш мақсадга мувофиқ. Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда бу мавзу бўйича қатор фикрлар билдирилмоқда.

Йиғилиш давомида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига экстремизмга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам депутатларнинг диққат марказида бўлди.

Фракция аъзолари экстремизмга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган меъёрларни бошқа қонунларга ҳам, хусусан, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунга киритиш лозимлиги ҳақида фикр билдирди. Муҳокама этилган қонун лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича қарорлар қабул қилинди.

Мажлисда депутатлар фаолиятига тегишли бошқа масалалар ҳам таҳлил этилди. Фракция раҳбари ўринбосари Ф.Шарипов депутатларнинг ҳудудлардаги ўрганишларига тизимли ёндашиш зарурлигини, партия тизимида бу борада янги механизмлар жорий этилаётганини таъкидлади. Айниқса, электорат манфаатлари ҳимояси билан боғлиқ ўрганишларда маҳаллий Кенгаш депутатлари билан ўзаро ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш