Муқаддас Рамазон ойида мамлакатимизда меҳр-оқибат янада кучайиб, эҳтиёжманд инсонларга ҳар томонлама эътибор ва кўмак кўрсатилмоқда, халқимиз эзгу ва савобли амалларга бош-қош бўлмоқда.
Давлат ва нодавлат ташкилотлари, саховатли ҳамюртларимиз томонидан муҳтож оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилаётгани ватанимизда файзу баракани оширмоқда, инсон қадрининг улуғланиши тинчлик ва умуммиллий бирлик руҳи тобора мустаҳкамланишига асос бўлмоқда.
Тошкент шаҳрида дунёда аналоги бўлмаган Ислом цвилизацияси марказининг расмий очилиши, шу куни бутун мамлакатимиз бўйлаб ифторлик ўтказилиши, Қуръон тиловат қилиниб, дуолар ўқилиши, эзгу ниятлар билдирилиши халқимизнинг нафақат ижтимоий, балки руҳий бирдамлик ҳиссини янада мустаҳкамлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти расмий очилиш маросимидаги нутқида ушбу улуғвор ва ноёб мажмуа халқимизнинг ақл-заковати, фидокорона меҳнати билан бунёд этилганини таъкидлаб, не-не аждодларимизнинг орзу-ниятлари, армонлари рўёбга чиққан унутилмас кун, чинакам илм-маърифат байрами эканини қайд этгани бежиз эмас.
Дарҳақиқат, бетакрор ва буюк мажмуа она ватанимизнинг уч минг йиллик шонли тарихи ва беқиёс маданиятининг, Янги Ўзбекистон имкониятларининг ёрқин кўзгуси сифатида пойтахтимиз тарихий маънавий марказида мағрур салобат тўкиб турибди.
Тўғри таъкидланганидек, бу марказ Янги Ўзбекистон ривожланган давлат, эркин жамият пойдеворини бунёд этиш учун, энг аввало, илм ва таълимга таянаётганининг ёрқин ифодаси бўлди.
Бундай улкан мажмуа тарихан қисқа даврда ҳар томонлама мукаммал бунёд этилгани мажмуага ташриф буюрган қатор давлатларнинг раҳбар ва сиёсатчилари, етук ташкилотлар ва халқаро экспертлар томонидан эътироф этилмоқда. БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида эълон қилинган эзгу ташаббус жаҳон жамоатчилиги, айниқса, ислом ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватлангани марказнинг халқаро аҳамиятини ҳам оширади.
Ушбу марказда Ўзбекистоннинг қадимий тарихи ва цивилизацияси дурдоналарини бир пайтнинг ўзида ягона маърифий маконда кўриш, шу асосда ўзбек халқининг интеллектуал ва маданий салоҳиятини яққол англаш мумкинлиги алоҳида қайд этилди. Маскан билан танишган ҳар бир инсон, ёшидан, касби ёки ишлаётган соҳасидан қатъий назар, қандай улуғ зотлар аждоди эканидан, муқаддас динимизнинг маънавий-руҳий қудратидан ғурур ва ифтихорга тўлади.
Ноёб мажмуадаги “Ўзбекистон заминида исломгача бўлган давр”, “Биринчи ва Иккинчи Ренессанс”, “Янги Ўзбекистон — Учинчи Ренессанс пойдевори” каби экспозиция заллари тарихан боғлиқлиги ва бир-бирини тўлдириб туриши юртимиз тарихини кенг қамровли акс эттиришга хизмат қилади.
Марказда тарихий ноёб экспонатлар энг илғор технологиялар ёрдамида тақдим этилиши ёш ва келгуси авлоднинг буюк тарихимизни атрофлича ўрганиши, ислом динининг эзгу асосларини кенг тушунишида алоҳида аҳамиятга эга бўлади.
Давлат раҳбари Ислом цивилизацияси маркази маънавий-маърифий йўналишдаги фаолиятимиз учун фундаментал база бўлишини таъкидлади, АЙСЕСКО, ИРСИКА, Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази, ТУРКСОЙ каби ва бошқа кўплаб халқаро ҳамда хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш учун зарур шароитлар яратиб берилишини билдирди. Демак, бу ерда диний, маърифий, илмий ва ижодий жараёнлар бир-бирига уйғун равишда ривожланиши учун янги имкониятлар очилади. Буларнинг барчаси мажмуанинг аҳамияти ва фаолият қамрови доимий равишда кенгайиб боришини ҳам англатади.
Ноёб ва буюк мажмуадан халқимиз асрлар давомида баҳраманд бўлишига, бу ерга келган ҳар бир ёшларимиз билим ва маърифатга, тараққиётга интилишига ишонамиз.
Улуғбек ИНОЯТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзХДП фракцияси раҳбари.