Гендер тенглик ва хотин-қизлар масалаларига бағишланган давра суҳбати

 

Халқ демократик партияси Тошкент вилояти кенгаши парламент аъзолари ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари билан бирга гендер тенглик ва хотин-қизлар мурожаатларини самарали ҳал этиш масалалари бўйича давра суҳбати ўтказди.

Халқ демократик партияси дастурида хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш ҳамда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Шунинг учун партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари хотин-қизларни ўйлантираётган муаммоларни кўпроқ ҳудудларда ҳал қилишга, уларнинг мурожаатларига ечим топишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Кейинги йилларда қабул қилинаётган қарор ва дастурлар хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётдаги фаол иштирокини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Давра суҳбатида аёлларга яратилган қулайлик ва имкониятлардан қай даражада самарали фойдаланилаётгани, идора-ташкилотлар ва маҳаллий ҳокимият идоралари мутасаддиларининг хотин-қизлар манфаатлари билан боғлиқ йўналишларда масъулиятини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Суҳбатда аёлларнинг меҳнат бозоридаги иштирокини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтожларга манзилли ёрдам кўрсатиш, шунингдек, таълим ва тадбиркорлик йўналишлари билан боғлиқ мурожаатларни ҳал қилиш жараёни мисоллар билан кўрсатиб берилди.

Реал натижалар умумий шиорлардан муҳимроқ экани қайд этилди. Гендер тенглигининг институционал механизмларини ривожлантириш, аёлларнинг сиёсий фаолиятини қўллаб-қувватлаш, давлат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларида аёллар учун квоталар жорий этиш каби масалалар партия дастуридан ўрин олган.

Статистик рақамларда кўринаётган гендер тенгликдаги катта силжишлар партия ташаббусларининг ҳаётий эканини кўрсатмоқда. Масалан, миллий кадрлар захирасида хотин-қизлар салмоғи 2024 йилга нисбатан 2 баробарга ошиб, 1 267 нафарга етди. Олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган хотин-қизларнинг улуши 895,6 минг нафарни (бакалаврда 53,9 фоиз, магистратурада 66,1 фоиз), олий таълимдан кейинги таълим тизимида 5 831 нафарни (52 фоиз) ташкил этмоқда.

Суҳбат давомида гендер тенгликни таъминлашга қаратилган миллий стратегиянинг аҳамияти, уни амалга ошириш механизмлари ҳамда келгусидаги вазифалар юзасидан фикр алмашилди. Иштирокчилар томонидан хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларни тадбиркорлик ва инновацион фаолиятга кенг жалб этиш, жамиятда гендер маданиятни шакллантириш бўйича қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш