Маҳалла инфратузилмасидаги камчиликлар бўйича депутатлик сўрови юборилади

 

Халқ депутатлари Арнасой туман Кенгаши депутатлари томонидан сайлов округларида мавжуд муаммоларни ўрганиш, аҳоли мурожаатларини жойида кўриб чиқиш ва уларнинг ечимига кўмаклашиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, 1-«Ғолиблар» сайлов округидан сайланган депутат Усмон Умаров ҳамда 2-«Тараққиёт» сайлов округидан сайланган депутат Шамигул Ғаниева томонидан «Ғолиблар» маҳалласининг «Тошкент» кўчасидаги кўп қаватли уйлар ҳудудида ўрганиш ишлари олиб борилди.

Ўрганиш жараёнида ҳудудда ер ости сувларини чиқаришга мўлжалланган иккита вертикал дренаж мавжуд бўлиб, улардан фақат биттаси ишлаётгани аниқланди. Ишламаётган дренаж иншооти 2024 йилда қурилган бўлса-да, ҳозирга қадар фойдаланишга топширилмагани қайд этилди. Шунингдек, фаолият юритаётган дренаж иншоотида техника хавфсизлиги талабларига тўлиқ риоя этилмаётгани, электр симларининг очиқ ҳолатда экани ва иншоот эшиклари ёпилмагани аниқланиб, бу ҳолатлар алоҳида эътибор қаратилиши зарурлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, ҳудудда маиший чиқиндилар ўз вақтида олиб кетилмаётгани ҳам аниқланиб, бу борада аҳоли эътирозлари мавжудлиги маълум бўлди.

Аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида туман ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ҳамда кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари вазифасини вақтинча бажарувчи У. Анаркулов номига депутатлик сўрови юбориш белгиланди. Мазкур масала юзасидан зарур чоралар кўрилиши депутатлар томонидан назоратга олинди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш