Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташаббуси билан Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Оқила аёллар ҳаракати ҳамда илмий-тадқиқот институтлари ҳамкорлигида “Аёлларнинг сиёсий фаоллигини ошириш: мавжуд имкониятлар ва муаммолар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгаш депутатлари, Ёшлар парламенти аъзолари, ҳамкор ташкилотлар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси У.Иноятов мулоқотни бошларкан, партия аёлларнинг меҳнат бозорида тенг имкониятларга эга бўлиши, айниқса, қишлоқ жойларда уларни қўллаб-қувватлаш, қизларни замонавий касбларга йўналтириш, олий таълимда давлат грантлари сонини кўпайтириш, болалар боғчалари ва ижтимоий хизматлар тармоғини кенгайтириш, хотин-қизлар ҳаётини енгиллаштириш долзарб вазифа эканини таъкидлади.
Қайд этиш керак, мамлакатимизда аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор йўналишларда ишлар бошланган. Мисол учун, ҳар йили муайян талаба хотин-қизларнинг таълим контрактлари давлат ҳисобидан қоплаб бериляпти, эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган қизлар учун давлат грантлари сони 2 баробарга оширилди, уй-жойга муҳтож аёлларга ипотека кредитининг 15 фоизи миқдорида бошланғич тўлов тўлаб бериляпти, "Аёллар дафтари" рўйхатига киритилган хотин-қизлар ўз ишини бошлаши учун субсидия ҳам ажратиляпти.
Аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаол бўлиши, уларнинг давлат ва жамият бошқарувида бевосита ва фаол иштирок этиши, турли соҳаларда ўз салоҳиятларини рўёбга чиқариши, тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлардан тўсиқларсиз фойдалана олиши Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадларига мос келади.
Партия Сайловолди дастурида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича муҳим ғоя ва ташаббуслар илгари сурилган. Қисқа даврда уларни рўёбга чиқаришга ҳам эришилаётгани билдирилди. Хусусан, пенсия тайинлашда аёлларнинг болани парваришлаш таътили муддати 3 йилдан 6 йилгача меҳнат стажи сифатида ҳисобланадиган бўлди, ота-онаси ёки боқувчисидан айрилган хотин-қизларга давлат ҳисобидан ўқиш имконияти яратилди.
Мулоқотда партия ҳамкор ташкилотлар билан бирга аёлларнинг сиёсий фаоллигини ошириш масалаларида ҳудудларда доимий равишда ўрганишлар ўтказаётгани, қатор муаммо ва камчиликлар аниқланаётгани таъкидланди.
Жумладан, ўрганишларда маълум бўлишича, хотин-қизларнинг меҳнат бозоридаги иштироки 40 фоиз атрофида, улар орасида ишсизлик масаласи ҳали ҳам долзарб.
Норасмий секторда меҳнат қилаётган минг-минглаб хотин-қизларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқлари таъминланиши қийин бўляпти.
Иш берувчилар, аксарият ҳолларда қонунни ҳурмат қилмайдиган тадбиркорлар аёллар меҳнатини етарли даражада қадрламасдан, нисбатан кам ҳақ тўламоқда.
Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари камаймаган. Жорий йилнинг олти ойи давомида 48 мингдан ортиқ аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари қайд этилган.
Таълим олиш, ҳунар ўрганиш истагидаги хотин-қизлар оилалар, айниқса, мутасадди идоралар, маҳаллий ҳокимликлар томонидан белгиланган даражада қўллаб-қувватланяпти. Касб-ҳунарга ўргатиш курслари номига йўлга қўйилган, масъулиятли вазифага юзаки ёндашилаётган ҳолатлар ҳам оз эмас.
Мулоқотда аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаол бўлишига халақит бераётган шу каби муаммоларни ҳамкорликда ҳал қилиш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича жорий қилинган дастурлар ва лойиҳаларнинг натижадорлигини ошириш масалаларида фикр алмашилди. Депутатлар, мутахассислар, олим ва экспертларнинг мулоҳаза ва таклифлари тингланди.
Муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, парламент назорати институти имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича дастлабки ҳаракатлар режаси келишиб олинди.