Реновация билан боғлиқ кафолат ва мажбуриятлар аниқ белгиланади

 

Бугун парламент Қонунчилик палатасидаги фракциямиз йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастуридан ўрин олган реновация билан боғлиқ қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда республикамизда 42 мингдан ортиқ кўп квартирали уйлар бўлиб, уларнинг 17 мингдан ортиғи 2-3 қаватли уй-жойлардир. Уларнинг зилзилага бардошлилиги, замонавий ижтимоий инфратузилма талабларига ва экологик стандартларга жавоб бериши муаммоли масала.

Уй жойга ошиб бораётган талабни қондириш учун шаҳар ҳудудини кенгайтириб, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда ҳам уй-жой қуриш ҳозирги мавжуд инфратузилмавий ҳолатга катта салбий таъсир кўрсатади. Сабаби, ҳудуди катта шаҳарларни энергетик таъминот ва коммуникатив боғламлар билан муаммолар, қолаверса, экин экишга мўлжалланган ер захираларимизнинг кескин камайишига олиб келади.

Шу сабабдан эскирган ва авария ҳолатидаги уй-жойларни қайта қуриш (реновация қилиш) орқали шаҳар ва маҳаллаларимизни ободонлаштириш, инфратузилма объектларини замонавийлаштириш мақсадида мазкур қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Фракциямиз аъзоси Дилбар Мамажонова уйи реновацияга тушган фуқаролар янги уй қурилиб бўлгунча ижарада туриши, ўша ижара харажатлари кимнинг бўйнига тушиши ҳақида масъулларга савол берди.

Маълум қилинишича, қонун лойиҳаси уйи реновацияга тушган мулкдорларга бир қатор кафолатлар бермоқда. Масалан, сиз яшайдиган кўп квартирали уй реновацияга тушди. Қурувчи икки йил муддат ичида янги уйни қуриши, ўша уйдан сизга эски уйингизнинг ҳажмидан кам бўлмаган ва тайёр таъмирланган хонадонни пастки қаватдан бериш мажбуриятини олади. Бундан ташқари, қурувчи янги уй қурилгунча сиз ижарада яшаб турадиган уйнинг ижара пулини ҳам қоплаб беради.

Лойиҳада турар ва нотурар жой мулкдорларига адолатли компенсация бериш тизими назарда тутилмоқда. Яъни, компенсация янги қуриладиган турар ва нотурар жой объектидан ёки бошқа жойдан мулк қилиб берилиши ёхуд турар ва нотурар жой объектларининг бозор қийматида пул маблағлари берилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, реновация қурилиш муддати қонун билан 2 йил этиб белгиланмоқда. Агар қурувчи 2 йилда қуриб улгурмаса, кечиккан ҳар бир кун учун мулкдорларга мулк қийматининг 0,5 фоизи миқдорида пеня тўлайди.

Депутатимиз Сайёра Имамова ташаббускорларга реновация лойиҳасининг қурилиши тўхтаб қолмаслигига кафолат борми, деган савол билан юзланди.

Қонун ижодкорлари қурилиш лойиҳаси якунланмай қолса, у “Шаҳарсозлик реновациясини қўллаб-қувватлаш жамғармаси” тасарруфига ўтказилиб, янги инвестор жалб этиш орқали қурилиш ниҳоясига етказилишини, яъни бошланган лойиҳа тўхтаб қолмаслиги давлат томонидан тўлиқ кафолатланишини маълум қилди.

Қонун лойиҳасида реновация ҳудудининг камида тўртдан бир қисми яшил майдонлардан иборат бўлиши назарда тутилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, қонун лойиҳаси реновация жараёнини ташаббус кўтаришдан тортиб, мулкдорларга тайёр уйларни топширишгача бўлган барча босқичларни қамраб олади.

Муҳокамалар давомида қонун ташаббускорлари депутатларнинг саволларига атрофлича жавоб берди. Билдирилган таклифлар қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида инобатга олинишини таъкидлашди.

Депутатлар қонун лойиҳасини биринчи ўқишда мақуллашди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш