Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда “Ҳамкорлик меморандуми ижросини таъминлашда амалий мулоқот, таклиф ва ташаббусларни йўлга қўйиш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Депутатлар дастлаб илмий-тадқиқот институти фаолияти билан яқиндан танишиб, улар томонидан олиб борилаётган ишлар, инновацион лойиҳалар ва илмий изланишларни кўздан кечиришди. Шунингдек, институт раҳбарияти ва илмий ходимлари билан соҳадаги мавжуд муаммолар ва таклифларни муҳокама қилишди.
Давра суҳбатида кейинги йилларда аграр соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, мамалакатимизда яратилган имкониятлар туфайли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш кўпайиб, озиқ-овқат маҳсулотлари миқдори ва сифати ошаётгани қайд этилди.
Депутатлар қонун ижодкорлиги ва назорат таҳлил тадбирларида илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликнинг аҳамияти ва долзарблигига тўхталиб, мамлакатимизда Президентимиз томонидан ҳар бир соҳада илмий ёндашувларни кенгайтириш масалалари илгари сурилгани, илмни тараққиётнинг асоси, ҳаётимиз ва келажагимизнинг ҳал қилувчи омиллари сифатида баҳолаганини эътироф этишди.
Тадбирда мутахассислар аграр ва сув хўжалиги ўзининг табиий ресурсларга боғлиқлиги, иқлим ўзгаришлари, глобал озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари билан мураккаблик касб этишини таъкидлаб, соҳада қонуний асосларни янгилаш, ресурслардан оқилона фойдаланиш механизмларини такомиллаштириш жараёнида илмий-тадқиқот муассасалари иштироки тўғрисида сўз юритди.
Давра суҳбатида сўз олганлар қишлоқ хўжалигининг бир қисми бўлган пахтачиликни ривожлантириш, унинг серҳосил навларини кўпайтириш ва даромадини юқори қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумотлар беришди. Мутахассислар томонидан соҳани ривожлантириш юзасидан қонунчиликка қатор таклифлар берилди.
Якунда илмий-тадқиқот муассасалари билан доимий ва тизимли ҳамкорликни олиб бориш бўйича режалар муҳокама этилиб, галдаги устувор вазифалар белгилаб олинди.