Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмас

 

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши ташаббуси билан амалий тадбир ташкил этилди.

Тадбир доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия Марказий Кенгаши ҳамда Тошкент шаҳар кенгаши масъуллари Республика болалар гемотологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказига бориб, ушбу муассасада даволанаётган болалар ҳолидан хабар олишди.

Мазкур ташриф мамлакатимизда болалар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг соғлиғи ҳамда фаровонлигига қаратилган инсонпарвар давлат сиёсатининг амалий ифодасидир.

“Инсон қадри учун” деган юксак ғоя асосида юртимизда болаларнинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллаши, орзу-умидларини рўёбга чиқаришига қаратилган тизимли ишлар изчил амалга оширилмоқда. Жумладан, соғлиқни сақлаш тизимида болалар учун мўлжалланган тиббиёт муассасалари фаолиятини такомиллаштириш, оғир хасталикларга чалинган болаларга замонавий тиббий хизмат кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг асосий дастурий мақсадларидан бири – ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини, айниқса болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашдан иборат. Шу маънода, онкология ва иммунология каби оғир касалликларга дуч келган болаларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш баробарида, уларга маънавий кўмак бериш, руҳий далда бағишлаш ҳам устувор аҳамиятга эгадир.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси жамиятнинг эҳтиёжманд қатламларига ғамхўрлик қилиш, болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тамойилларидан келиб чиқиб, келгусида ҳам тиббиёт муассасалари, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда бундай эзгу ташаббусларни изчил давом эттиради.

Чунки болалар – юртимизнинг эртанги куни эгалари. Уларнинг ҳар бир табассумида миллатнинг бахти, жамиятнинг юксак келажаги мужассамдир.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш