Жамоатчилик эшитуви: жамоат транспорти йўловчи учун қулай бўлиши керак

 

Жамоат транспорти одамларнинг мушкулини осон, узоғини яқин қиладиган восита. Мамлакатимизда сўнгги йилларда транспорт хизматлари кўламини кенгайтириш ва уларнинг сифатини ошириш бўйича катта ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Урбанизация жараёнлари жадаллашуви, шаҳарларнинг кенгайиши ва аҳоли сонининг ўсиши натижасида жамоат транспортига бўлган талаб ҳам ошиб бормоқда. Ўзбекистонда кунига бир неча миллионлаб киши жамоат транспортларидан фойдаланади. Шу маънода унинг қулай, хавфсиз ва осон бўлиши жуда муҳим. Мамлакатимиз транспорт тизими ва инфратузилмасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар эътиборга молик, албатта.

ЎзХДП Марказий Кенгашининг 2025 йилга мўлжалланган иш режасига кўра, ҳудудларда аҳолининг имтиёзга эга бўлган қатлами томонидан жамоат транспортидан фойдаланиш ҳолатини ўрганиш бўйича жамоатчилик мониторинги ўтказиш ва жамоатчилик сўрови юбориш режалаштирилган эди.

Шунга мувофиқ, халқ депутатлари Наманган, Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари Кенгашларидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳлари томонидан жамоатчилик назорати олиб борилди ва мониторинг якуни бўйича жамоатчилик эшитуви ўтказилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партия фаоллари, Транспорт вазирлигининг бир гуруҳ вакиллари иштирокида камчиликлар очиқ-ойдин таҳлил қилинди.

Қатнашчилар дастлаб Намангандаги вазиятни кўриб чиқишди. Партиямиз фаолларининг айтишича, жамоат транспорти хизмати сифатини ошириш, уни бугунги давр ва шароитга мослаштириш бўйича ҳудудларда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида узоқ гапириш мумкин. Масалан, жамоат транспортига бўлган талабни қондириш учун кўпроқ янги йўналишлар ишга туширилмоқда. Буларнинг барчаси аҳолининг узоғини яқин қилиб, харажати ва вақтини тежашга хизмат қиляпти.

Аммо соҳада ўз ечимини кутаётган ва аҳолини қийнаб келаётган бир қатор муаммо ва камчиликлар ҳам мавжуд.

Масалан, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 16 февралдаги “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан белгиланган имтиёзли кредитлардан самарали фойдаланилмагани боис ўтган йили вилоятдаги жамоат транспортидан имтиёзли фойдаланувчилар барча қулайликларга эга бўлган замонавий автобус ва микроавтобуслар билан етарли таъминланмаган.

Маълум бўлишича, йўловчи ташувчи корхоналарнинг кредит олишда гаровга қўйиладиган мулкнинг камлиги ҳамда банклар томонидан тавсия этилаётган кредит фоизининг юқорилиги, кредит муддатининг қисқалиги сабабли автобус ва микроавтобус сотиб олиш учун банк ва йўловчи ташувчи корхона ўртасида шартномалар тузилмаяпти.

Шунингдек, аҳолининг имтиёзли қатлами учун жамоат транспортини кутиш бекатларида етарли шароитлар мавжуд эмас. Тадбиркорлар томонидан бекатлар ҳудудида ўзбошимчалик билан ноқонуний қурилган қурилишлар йўловчилар, айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларга ноқулайликлар туғдирмоқда.

Шунингдек, Қашқадарё вилоятида маҳаллий Кенгаш депутатлари олис ҳудудлардаги мактабларни автобус билан таъминлаш масаласини ўрганди.

Депутатларнинг айтишича, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон–2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йилида амалга оширишга оид давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида тажриба-синов тариқасида 100 та умумий ўрта таълим мактабларига олис ҳудудлардан қатнайдиган ўқувчилар учун аутсорсинг асосида бепул автобуслар қатнови йўлга қўйилиши белгиланган.

Ҳозир вилоятда олис ва чекка ҳудудларда жойлашган 50 та умумий ўрта таълим мактаби бор. Назорат-таҳлил давомида аён бўлдики, бугунги кунгача Миришкор туманида бор-йўғи 3 та (22-23-24-сонли) мактабда олис ҳудудлардан қатнайдиган ўқувчилар учун аутсорсинг асосида бепул автобуслар қатнови йўлга қўйилган, холос.

Бундан ташқари, Ғузор, Деҳқонобод, Китоб, Кўкдала, Қамаши, Қарши, Чироқчи, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Косон туманларидаги 47 та мактаб учун аутсорсинг асосида ўқувчиларни ташиш таклифи “Давлат харидлари” электрон (Биржа) савдо платформасига жойлаштирилган.

Шундан сўнг муҳокама марказида Хоразм вилояти бўлди. Маълум бўлишича, вилоятдаги «Бунёд йўловчи ташиш» масъулияти чекланган жамияти 2009 йилда ташкил этилган бўлиб, корхонада жами автобуслар сони 114 тани ташкил этади.

Президентнинг “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида 2023 йил август ойида Хитойдан 80 та янги замонавий автобус сотиб олиш учун жами қиймати 7 млн 640 минг долларлик шартнома имзоланган. Шартнома қийматининг 85 фоиз қисмига “Миллий банк” томонидан 6,7 фоизли имтиёзли кредит ажратилган бўлиб, унга асосан ўтган йили ноябрь ойида 50 та автобус олиб келинган.

Мониторинг натижасига кўра, тизимда бир қатор муаммо ва камчиликлар ҳам борлиги аниқланди. Деярли барча туманларда бир хил муаммо кўзга ташланди. Мисол учун, баъзи ҳайдовчилар “АТТО” платформасини ўчириб қўйиб, йўловчилардан нақд пул олиш ҳолатлари ҳамон учрамоқда.

Шунингдек, 32 та аҳоли пунктига олиб борувчи йўл автобус хизмати билан қамраб олинмаган. Чунки, йўл сифати ҳаракатланиш хавфсизлиги талабларига жавоб бермайди. Тегишли дастурларга киритилган бўлса-да, мазкур йўлларда ҳозирга қадар таъмирлаш ишлари тўлалигича амалга оширилмаган. Аксарият йўналишларда ҳаракатланаётган транспорт воситаларининг сиғими кўплиги сабабли қулайлик ва хавфсизлик талабларига жавоб бермайди.

 

***

Жамоатчилик эшитуви жараёнида жамоат транспорти хизмати сифатини ошириш билан боғлиқ долзарб муаммолар очиқ-ойдин таҳлил ва танқид қилинди. Партия фаоллари ва мутахассислар савол-жавоблар, таклифлар орқали юзлашди. Камчиликларни бартараф этиш бўйича келишиб олинди.

Эшитув натижасига кўра, ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши томонидан “Аҳолининг имтиёзли қатлами томонидан жамоат транспортидан фойдаланиш ҳолати”ни ўрганиш натижалари бўйича маълум бўлган муаммолар ва камчиликлар юзасидан вилоят Транспорт бошқармаси бошлиғи Б.Бекходжаевга жамоатчилик сўрови юборилди.

 

Мавжуда ҲАСАНОВА,

ЎзХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.

«Ўзбекистон овози», 28.5.2025, №21

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Давлат дастурига таклифлар Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш