Ҳудудлардаги долзарб муаммолар жойига чиқиб ўрганилмоқда

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари томонидан жойларда фуқаролар билан очиқ мулоқотлар, мавжуд муаммоларни ўрганиш ва қонунчиликка таклифлар шакллантириш бўйича амалий учрашувлар давом этмоқда.

Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Имомназар Турсунов Қарши шаҳридаги 33-сон имконияти чекланган болалар мактаб-интернатида бўлиб, таълим муассасаси фаолиятини ўрганди. Ўқув ва амалий машғулотлар жараёни, мавжуд шароитлар билан танишар экан, муассасада болалар сонининг ортгани сабаб янги биноларга эҳтиёж мавжудлиги, ётоқхона масаласида муаммолар мавжудлиги маълум бўлди. Депутат бу масалаларни ўз назоратига олишини таъкидлади.

Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмитаси раиси, партия депутати Улуғбек Шерматов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Тошкент туманининг “Фаровон” маҳалласида ўрганиш олиб борди. “Маҳалла еттилиги” фаолияти, ижтимоий-иқтисодий ҳолат, ахборот тизимлари ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги ишлар таҳлил қилинди. Ишчи гуруҳ томонидан аниқланган муаммолар асосида таклифлар ишлаб чиқилиши белгиланди.

Партиямизнинг яна бир депутати Зокиржон Зоҳидов Фарғона вилоятининг Сўх туманига бориб, чекка ҳудуддаги тиббий хизматлар ҳолатини ўрганди. “Мулғон” маҳалласидаги оилавий шифохона фаолияти, мавжуд тиббий асбоб-ускуналар, дори таъминоти ва беморларга яратилган шароитлар кўздан кечирилди. Тиббиёт ходимлари айрим дори воситаларининг етишмаслиги, замонавий ускуна ва жиҳозларга бўлган эҳтиёж ва бошқа мавжуд муаммолар ҳақида маълум қилди. Барча мурожаатлар қайд этилиб, парламент муҳокамасига таклифлар киритилиши режалаштирилди.

Ушбу ташрифлар партия электорати муаммоларини жойларда ўрганиш, аҳоли мурожаатларига бевосита ечим топиш ҳамда долзарб масалаларни қонунчилик даражасида кўриб чиқишга хизмат қилмоқда.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш