Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қуйи палата ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолигига партиямиздан сайланган ёшлар билан самимий мулоқот ўтказилди.
Қай этиш керакки, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ранг-баранг соҳаларда таълим олаётган, масъулиятли вазифаларда изчил фаолият юритаётган партиямиз сафидаги 20 нафар йигит-қизлар Ёшлар парламенти аъзолигига сайланган. Улар эндиликда қонун ижодкорлиги жараёнларида бевосита иштирок этиш, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари билан боғлиқ муҳим масалаларда ўз таклиф ва ташаббусларини илгари суриш, депутатлардан тажриба орттириш имкониятига эга бўлишади.
Мулоқотда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов мамлакат парламентида миллионлаб ёшларнинг вакили сифатида фаолият юритиш катта масъулият эканлигини таъкидлаб, Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадларига эришишда ёшлар гуруҳи ва фракциямиз аъзоларининг доимий ҳамкорлиги муҳимлигини қайд этди. Парламентдаги партиямиз ёшлар гуруҳининг фаолиятини самарали йўлга қўйиш бўйича дастлабки вазифалар белгилаб олинди.
Бугун, шунингдек, Ёшлар парламентининг дастлабки мажлиси ҳам бўлиб ўтди. Унда Шоҳруҳ Ўктамов ЎзХДП ёшлар гуруҳи раҳбари, Ёшлар парламенти раиси ўринбосари этиб сайланди.
Партиямиз ёшлар гуруҳи аъзоси Гавҳар Қаршиева Ёшлар парламентининг Ёшлар бандлиги, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси раислигига сайланди.