Ўзбекистон Халқ демократик партияси депутатлари ва фаоллари жамоат транспортидан имтиёзли фойдаланиш ҳолатини ҳудудлар мисолида бевосита ўрганди. Ўрганиш аэропорт, авто ва темир йўл вокзаллари, бекатларда транспорт хизмати кўрсатувчи ташкилотлар мутасаддилари ва жамоатчилик вакиллари иштирокида олиб борилди.
Вилоятлардаги мониторинг натижалари Марказий Кенгашда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзолари, ҳудудий партия ташкилотлари, маҳаллий Кенгашлардаги гуруҳларимиз аъзолари, Транспорт вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари мутасаддилари ҳамда соҳа мутахассислари иштирокида атрофлича жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди.
Видеоконференц алоқа шаклида ўтган муҳокамада Наманган вилоятида жамоат транспортларидан фойдаланишда имтиёзли ҳуқуқларга эга фуқароларга хизмат кўрсатиш ҳолати ҳақида маълумот берилиб, асосан камчиликлар ва уларни бартараф этиш чоралари ҳақида фикр алмашилди, аниқ таклифлар берилди.
Вилоятда жамоат транспортларида кунлик йўловчилар сони ўртача 1,1 миллион нафарни ташкил этади. Бу рақам хизмат сифатини ошириб бориш, муҳтож йўловчиларга қулайликлар яратиш қанчалик муҳимлигини кўрсатиб беради, деди йиғилишни олиб борган ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова.
Асосий муаммолар таҳлил қилиниб, таклифлар муҳокама қилинди. Жумладан, ташувчи корхоналарнинг кредит олишда гаров учун мулкнинг камлиги ҳамда банклар томонидан тавсия этилаётган кредит фоизининг юқорилиги, муддатининг қисқалиги замонавий транспорт техникаларини харид қилишга тўсиқ бўлмоқда. Агар кредитлар шартлари нисбатан қулайлаштирилса, шароити яхши транспорт воситалари хизмати кенгайиши қайд этилди.
Яна бир муаммоли масала жамоат транспорт кутиш бекатларида ногиронлиги бўлган шахслар учун шароит етарли эмаслиги билан боғлиқ. Янги бекатларни қабул қилиш жараёнида депутатлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.
Ҳар бир ҳудуддаги бекатларни босқичма-босқич кенг ўрганиш ва муаммоли ҳолатларни ҳал этиш бўйича масъул ташкилотларга депутатлик сўровномаларини юбориш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда, шунингдек, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида ўтказилган ўрганиш натижалари ҳам атрофлича муҳокама қилиниб, кейинги вазифалар белгилаб олинди.