“Орзулар дунёси” акцияси бўлиб ўтди
Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилоят кенгаши ташаббуси билан “Ногиронлар” жамияти, Бадиий академия вилоят бўлими, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ногиронлиги бўлган ёшларнинг истеъдод ва қобилиятларини рағбатлантириш мақсадида “Орзулар дунёси” ижодий акцияси ўтказилди.
Акция 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ногиронлиги бор ёшлар ўртасида ташкил этилди. Иштирокчилар ўз ижодий ишларини тасвирий санъат (расмлар, графика, ҳайкалтарошлик, санъат инсталляциялари) йўналишида тақдим этдилар. Унда ҳар бир иштирокчининг истеъдоди алоҳида эътироф этилиб, асарлари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди.
Ғолиблар ва иштирокчилар ЎзХДП Самарқанд вилояти кенгашининг диплом ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.