Депутатлар болаларни мактабга тайёрлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳолатини ўрганмоқда

 

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси аъзолари мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчиларни мактабга тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳолатини Сурхондарё вилояти мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганмоқда.

Бугунги кунда вилоятда мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, болаларнинг мактабга тайёргарлик даражасини тубдан ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Депутатлар учрашувлар давомида мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчиларни бошланғич таълимга мажбурий бепул бир йиллик тайёрлов гуруҳларида тайёрлаш, бошланғич таълимга мажбурий бепул бир йиллик тайёрлов гуруҳларнинг малакали педагог кадрлар, ўқув-услубий материаллар билан таъминланганлик ҳолатига алоҳида эътибор қаратди.

Шунингдек, болаларнинг умумий ўрта таълимга бир йиллик мажбурий тайёргарлик кўришини таъминлашда ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар шунингдек, бошланғич таълимга мажбурий бепул бир йиллик тайёрлаш ишларини ташкил этишда давлат ва нодавлат ташкилотлари билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганлик масаласи халқ вакилларининг эътиборида бўлди.

Қуйи палата депутатлари ўрганишлар давомида мактабгача таълим муассасаларидаги тарбиявий ишлар, моддий-техник база, мактабга тайёрлаш бўйича ҳужжатлар юритилиши ҳамда педагогларнинг тайёргарлик даражасини таҳлил қилдилар.

Мулоқотларда сўнгги йилларда мактабгача таълим тизимида бўлаётган ўзгаришлар, фарзандларимизга сифатли таълим бериш, одамларни ушбу тизимдан рози қилиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Педагоглар, аҳоли вакилларининг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва тавсиялари тингланиб, боғча тарбияланувчиларини мактабга тайёрлашни сифатли йўлга қўйиш, таълим жараёнини зарур услубий материаллар билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мазкур ўрганиш якунлари Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитасида масъул вазирлик ва идоралар мутасаддилари билан биргаликда таҳлил қилиниб, тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилади.

 

www.parliament.gov.uz

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш