Ижтимоий ҳимоя масалалари эътиборда

 

Яккасарой туманидаги “Боғсарой” маҳалла фуқаролар йиғинида туман Кенгашидаги партия гуруҳи аъзолари ва партия вакилларининг навбатдаги манзилли амалий ўрганиши ташкил этилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши ахборот хизмати. Унда шаҳар партия кенгаши масъуллари, Яккасарой туман кенгаши раиси Ш.Шарипова, депутат Б.Халлақов ва фаоллар иштирок этди.

Хабарда таъкидланишича, амалий тадбир давомида маҳаллада яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган фуқаролар, кам таъминланган оилалар ва кекса ёшдаги фуқаролар ҳолидан хабар олинди. Ҳар бир оила билан алоҳида мулоқот қилиниб, уларнинг кундалик ҳаётдаги муаммолари, ижтимоий ҳимоя тизимидан фойдаланишдаги эҳтиёжлари атрофлича ўрганилди.

Бу жараёнда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг “инсон манфаатлари ҳамиша устувор” тамойилига содиқ қолган ҳолда, ижтимоий тенглик ва адолатни таъминлашга қаратилган амалий чоралар белгилаб олинди. Хусусан, оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш, моддий ёрдамлар ажратиш, болалар таълими ва саломатлигини таъминлаш, мавжуд инфратузилма муаммоларини ҳал этиш борасида аниқ таклиф ва режалар ишлаб чиқилди.

Шунингдек, муаммоларни жойида ҳал қилиш, маҳалла ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва маҳаллий Кенгаш депутатлари иштирокида мунтазам мониторингни йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди.

Мазкур манзилли тадбир партиянинг жойларда халқ билан бевосита мулоқот орқали ижтимоий ҳимоя сиёсатини янада кучайтириш, эҳтиёжманд қатламларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш йўлидаги изчил ҳаракатларининг яна бир амалий кўриниши бўлди, дея изоҳлади Тошкент шаҳар партия кенгаши фаоллари.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш