Ўзбекистон ХДП Хоразм вилоят кенгаши ахборот хизмати хабар беришича, халқ депутатлари Урганч туман Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси Гулистон Ражапова «Оқ мактаб» ҳамда Ҳожибойлар маҳаллаларидаги сайловчилар билан очиқ мулоқот ўтказган.
Хабарга кўра, учрашув давомида фуқаролар томонидан уй-жой учун субсидия, ички йўлларни таъмирлаш масаласида мурожаатлар бўлган. Шунингдек, мактаб ҳамда боғчаларнинг ёнида ёш ва ўсмир болаларнинг соғлигига салбий таъсир кўрсатадиган ичимликлар, ярим тайёр озиқ-овқатлар сотилишининг олдини олиш чоралари кўрилиши сўралган. Бундай ҳолатларни тегишли ташкилотлар ўз назоратига олиши бўйича илтимослар йўлланган.
Фуқаролар, бундан ташқари, томорқа ерлари учун сув, чорва молларини боқишга мўлжалланган алоҳида экин майдони ҳамда оилавий шифокорлик пункти ташкил қилиш масалаларида амалий кўмакка эҳтиёж борлигини билдирган.
Мурожаатларда таъкидланган масалалар ва уларнинг ечими юзасидан таклифлар ўрганилиб, тегишли тарзда қонуний чора кўрилиши бўйича тушунтиришлар берилди.