
Сурхондарё вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутатлари мактабларда чет тиллар, ИТ дарслар учун ажратилган дарс соатлар ҳолати ва малакали педагоглар билан таъминланганлик масаласини саволнома асосида ўрганди.
Аввало, бу борада бир қатор ишлар амалга оширилгани қайд этилган. Шу билан бирга, баъзи туманлардаги мактабларда интерактив доскалар, компьютер жиҳозлари, аудио кўргазмали жиҳозлар, чет тили фанидан луғат китоблар, лингафон ва смартбоардлар етишмаслиги маълум бўлган. Ўрганиш натижасида Қизириқ туманида 6, 13, 15, 31, 39, 47-сонли умумтаълим мактабларида ИТ фанидан ўқитувчи, Қумқўрғон туманидаги 3, 5, 15, 20, 35, 63, 66, 76-сонли, Олтинсой туманидаги 12, 20, 33, 35, 37, 38, 62-сонли, Бандихон туманидаги 32, 37, 38, 41-сонли, Узун туманидаги 8, 19, 23, 24, 26, 33, 38, 49, 58, 60 ва 47-сонли, Қизириқ туманидаги 3, 7, 11, 14, 21, 29, 33, 37, 41, 47-сонли ва Жарқўрғон туманидаги 44, 49, 54, 58, 60- сонли умумтаълим мактабларида инглиз тили фанидан ўқитувчи, Жарқўрғон туманидаги 41, 42, 48, 52, 57- сонли, Қумқўрғон туманидаги 63, 67, 73- сонли умумтаълим мактабларида рус тили ўқитувчи кадрлари етишмаслиги билдирилган.
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, партия гуруҳи раҳбари А. Пардаев ушбу масалаларни ўрганиб чиқишни, ечими бўйича амалий ёрдам кўрсатишни ҳамда натижаси бўйича халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибиятига ёзма жавоб қайтаришни сўраб, Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Х.Мамадиевга депутатлик сўрови юборган эди.
Сўровга бошқармадан умумийроқ жавоб келган бўлиб, унда эҳтиёжи мавжуд мактаблар босқичма-босқич замонавий компьютер техникалари билан таъминлаб келинаётгани, фанлар кесимида вакант ўринларга олий таълим муассасаларининг юқори курс талабаларини жалб қилиш чоралари кўрилаётгани билдирилган.