
Дунё тарихида парламентлар ҳар доим инсонларнинг турмуш тарзини яхшилаш, аҳолининг ижтимоий, иқтисодий, маънавий фаровонлигини таъминлаш каби устувор вазифаларни бажарувчи муҳим вакиллик институти бўлиб келган. Тарихий тажрибадан маълумки, ижтимоий масалаларни самарали ҳал қила олган бошқарувга эга жамият ва давлатлар ҳар доим барқарорликка эришган.
Бугун Тошкент том маънода дунё парламентарийларининг асосий ва муҳим учрашув нуқтасига айланди. “Кўпнинг кучи кўлдай, кўчиб юрган елдай”, деб бежизга айтмаган доно халқимиз. “Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати” мавзусида ўтказилаётган ассамблеяда 190 та мамлакат, 15 та кузатувчи давлат ҳамда 25 дан ортиқ халқаро ва парламентлараро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этмоқда. Ассамблея давомида иштирокчилар адолат ва ижтимоий тараққиёт мавзуларини жамлаб, улар қандай уйғунлашиши мумкинлигини муҳокама қилмоқда.
Дунё парламентлари вакиллари дунёдаги муаммолар, айниқса, ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш борасида ягона механизм ва ёндашувни муҳокама қилишни айнан 150-юбилей йиғилиши доирасида ўтказишни келишиб олдилар. Бу ўринда аҳоли даромадларини ошириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг янги механизмларини шакллантириш, аёллар ва ёш болалар ҳуқуқ-эркинликларини таъминлашнинг аниқ чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, ногиронлиги бор шахсларнинг эркин ва тўсиқсиз ҳаракатланиши, жамиятда инклюзив имкониятларни кучайтириш каби масалаларда тажриба алмашишни ўз олдига мақсад қилиб олишди.
Шу билан бирга, Ассамблея доирасида ижтимоий тараққиётга эришишда, адолатли жамиятни барпо этишда парламентлар иштирокни кенгайтириш ва фаоллигини оширишга қаратилган 70 га яқин турли тадбирлар ва дебатлар ташкил этилиши масаланинг қанчалик муҳимлигини кўрсатиб берувчи индикаторлардан биридир.
Ассамблея давомида қабул қилинадиган Парламентлараро Иттифоқнинг алоҳида резолюциялари, шунингдек, Тошкент декларацияси каби ҳужжатлар парламентарийларнинг ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш юзасидан умумий ёндашувларини белгилаб беради, шу томондан ҳам Ассамблея жаҳон сиёсати тарихига муносиб қарорлар билан киради.
Ғолиб Муҳаммаджонов,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъул ходими.