Парламент соғлом рақобат, баҳс ва мунозаралар майдонига айланиши керак
Парламент соғлом рақобат, баҳс ва мунозаралар майдонига айланиши керак

 

Мажлисда катта ҳаяжон, шараф ва масъулият билан иштирок этдим. Зеро, бу йилги сайловлар бутунлай янгича тизимда ўтгани, янги таҳрирдаги Конституция талабларига уйғун экани билан тарихда қолади. Ана шундай тарихий сананинг бевосита иштирокчиси бўлиш мен учун фахр эканини мамнуният билан таъкидлашни истардим.

Тўғриси, ўша кунги ҳаяжон ҳали ҳам тарк этгани йўқ. Депутатлик мақоми ортида халқимиз билдирган ишонч, давлат раҳбари кутаётган натижалар, сайловчиларга берилган ваъдалар бор. Депутатлик фаолиятимни Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси аъзоси сифатида бошлайман. Бу ҳам ҳаётга яқин бўлиш, фикр ва интилишларга мутаносиб равишда ишлаш зарурлигини кўрсатади.

Мажлисда Президентимиз сайлов кампанияси давомида илгари сурилган ва халқимиз қўллаб-қувватлаган ҳар бир таклиф албатта кўриб чиқилиши ва амалга оширилишини таъкидлади. Партиямиз илгари сурган ташаббусларнинг бир нечтасига алоҳида эътибор қаратилди. Уларни ҳаётга тадбиқ этишда нималарга эътибор қаратиш зарурлиги бўйича ҳам таклифлар билдирилди.

Келгуси беш йилда Қонунчилик палатаси олдида ғоят улкан вазифалар турибди. Бунинг учун, аввало, парламентни чинакам халқ уйига, қўйи палатани эса ғоялар генераторига, соғлом рақобат, баҳс ва мунозаралар майдонига айлантириш талаб этилади. Буни ким қилади? Албатта, халқ ишонч билдирган депутатлар амалга ошириши зарур. Демак, ҳар биримиздан катта меҳнат, масъулият ва шунга мос равишда тажриба, билим ҳамда ташаббус лозим. Биз депутатлар муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини чуқур ўрганиб, аниқ ечимларини топишимиз керак.

Президентимиз таъкидлаганидек, парламент қўмиталари вазирликлар билан ишлашда улар билан яқиндан ҳамкорлик қилишга аҳамият берса, айни муддао бўлади.

Оила, маҳалла ва бутун жамиятда тинчлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, халқаро майдонда Ўзбекистон манфаатларини қатъий ҳимоя қилиш она юртимизга фарзандлик бурчимиздир.

 

Имомназар ТУРСУНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат Сайлов-2024
← Рўйхатга қайтиш