Бўстонлиқ туманида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига 90-сайлов округидан номзод Қ.Қосимова, 20- сайлов округидан вилоят Кенгаши депутатлигига номзод С.Файзиева, 19-округдан вилоят Кенгашига номзод Н.Мирбобоева сайловчилар билан учрашув ўтказди.
Ҳар бир номзоднинг таржимаиҳоли, фаолиятига доим маълумотлар берилди. Ўзбекистон ХДП сайловолди дастурида илгари сурилаётган ташаббуслар ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, номзодлар ўзларининг ҳудуд муаммолари асосида тайёрланган дастурлари билан йиғилганларни таништирди. Сайловчилар томонидан берилган саволларга жавоб берилиб, таклифлар иноботга олинди.
— Менинг ҳам саволим, ҳам таклифим бор эди, — деди Раъно Якубова. — Туманимизда мактабгача таълим муассасалари етишмайди. Аёллар ишлай деса, боласини қарашга одам йўқ. Шунинг учун болалар боғчалари сонини кўпайтириш керак. Мавжудларига қўшимча бино ёки хоналар ташкил қилинса ҳам, анча болани қамраб олиш мумкин. Тўғри, хусусий боғчалар бор, лекин уларнинг нархи кўпчиликка тўғри келмайди. Ёш оналарга ёрдам ва қулайлик яратиш учун мана шу масала ўрганилса ва ечим топишини сстардик.
— Ҳамма ўз дардини айтиб йиғлайди, деган гап бор. Аммо мен кўпчиликнинг номидан гапираман, — деди Азимбой Джурабеков. — Йўллар ва иморатлар ҳамр бир ҳудуднинг, керак бўлса, мамлакатнинг юзи ҳисобланади. Негадир бизда иншоотларга катта эътибор бериляптию, йўл масаласидаги муаммолар қолиб кетяпти. Айниқса, ички йўллар аянчли аҳволга келиб қолган жойлар бор. Шу масалада ҳам дастурларингизда кўрсатилса, депутат бўлгач, ушбу камчиликларни бартараф этсангиз, халқимиз сизлардан рози бўларди.
Учрашувда яна бошқа бир қатор масалалар кўтарилди. Ҳар бир савол юзасидан номзодлар ҳамда фаоллар атрофлича жавоб қайтаришди.
Туманидаги 6-умумий ўрта таълим мактабида ҳам ҳудди шундай учрашув бўлиб ўтди. Очиқ мулоқот руҳиди бўлиб ўтган тадбирда аҳоли вакиллари кўплаб саволлар билан мурожаат қилишди.
Хусусан, кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилаш масаласи қизғин муҳокама қилинди. Қишлоқ оилавий поликлиникаларининг масофавий жойлашуви одамларга турли қийинчиликлар юзага келтираётгани айтиб ўтилди. Малакали кадрларга, тор доирадаги шифокор мутахассисларга талаб юқори экани таъкидланди.
Шу билан бирга, тоза ичимлик суви, электр таъминоти ҳамда яна бошқа масалаларда саволлар берилди, таклиф ва фикрлар айтилди.
Шу куни тумандаги 12-мактабда партиямиздан номзод О.Бабаев сайловчилар билан учрашди. Иштирокчиларга номзодлар таржимаи холи ва сайловолди дастури билан таништирилди. Ҳамма партиямиздан қўйилган номзодларга овоз беришга чақирилди.
Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши
Ахборот хизмати.