Иноятов Улуғбек Илясович
Иноятов Улуғбек Илясович
Иноятов Улуғбек Илясович

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати

 

Улуғбек Илясович Иноятов 1962 йил 6 августда Тошкент шаҳрида хизматчи оиласида туғилган.

Миллати – ўзбек.

Маълумоти – олий. 1985 йили Тошкент политехника институтини, 1998 йили Тошкент молия институтини тамомлаган. Ихтисослиги – муҳандис-иқтисодчи, педагогика фанлари доктори, профессор.

Меҳнат фаолиятини 1985 йил Тошкент политехника институтида ўқитувчиликдан бошлаган.

1993-1999 йилларда Тошкент архитектура қурилиш институтида декан ўринбосари, декан, 1999-2011 йилларда Тошкент молия ва иқтисодиёт коллежи директори вазифаларида ишлаган.

2011 йилдан Тошкент давлат педагогика университети ректори, 2013 йилдан халқ таълими вазири, 2018 йилдан эса Наманган давлат университети ректори сифатида самарали фаолият юритган.

2019 йилдан Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси.

2019 йилда Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган.

2023 йилда ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайловда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод бўлган.

У.И.Иноятов бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари лавозимида фаолият олиб бормоқда.

Назарий ва амалий тажрибага эга салоҳиятли раҳбар сифатида ўзини намоён этган. У 100 дан ортиқ илмий ишларнинг муаллифи ҳисобланади. Унинг таълим сифатини ошириш, ёшларни касбга тайёрлаш борасидаги қатор таклифлари мамлакатимиз таълим тизими ривожланишида кенг қўлланилмоқда.

Партия етакчиси, фракция раҳбари сифатида давлат ва жамият бошқаруви, ички ва ташқи сиёсат, суд-ҳуқуқ, аҳолини ижтимоий ҳимоя масалаларида катта тажриба тўплаган, масъулиятли ва қатъиятли инсон.

Оилали – икки нафар фарзанди бор.