2023 йил 29 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг XIII қурултойи бўлиб ўтди.
Унда партия аъзолари томонидан ҳудудлардан сайланган делегатлар, партия Марказий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия фаоллари, экспертлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Қурултой кун тартибида Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш ҳамда номзоднинг дастури тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.
Қурултойда 2023 йил 9 июль куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови миллий сайлов қонунчилигининг янги тамойиллари, умумэътироф этилган халқаро стандартлар асосида очиқ ва шаффоф ўтказилиши, сайлов кампанияси даврида барча сиёсий партиялар ва улар томонидан кўрсатилган номзодлар учун соғлом рақобат муҳити, тенг шароитлар таъминланиши таъкидланди.
Мамлакатимизда миллий сайлов қонунчилиги ва амалиёт бой амалий тажриба, халқаро сайлов стандартлари асосида такомиллашиб бораётгани, фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий хабардорлиги ва фаоллиги ортгани демократик ислоҳотларни ривожлантиришга катта туртки бераётгани, мана шундай муҳим даврда ўтаётган Президент сайловида муносиб иштирок этиш Халқ демократик партиясининг ҳар бир аъзоси зиммасига катта масъулият юклаши қайд этилди.
Қурултойда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги масала атрофлича муҳокама қилинди. Партия Марказий Кенгашининг жорий йил
12 май куни бўлиб ўтган пленумида Халқ демократик партиясидан партия Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Улуғбек Илясович Иноятов номзодини илгари суриш ҳақида қарор қабул қилинган эди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига мувофиқ, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ваколатли вакили Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этишга ижозат сўраб Марказий сайлов комиссиясига ҳужжатларни топширди. Ҳужжатларни ўрганиб чиққан Марказий сайлов комиссияси ЎзХДПнинг 2023 йил 9 июль куни бўлиб ўтадиган Президент сайловида иштирок этиши учун ижозат берди.
Сўзга чиққан партия фаоллари Улуғбек Иноятов номзодини қўллаб-қувватладилар. Қурултойда номзод масаласи бўйича муҳокамалардан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Халқ демократик партиясидан Улуғбек Илясович Иноятовни номзод сифатида кўрсатиш ҳақида қарор қабул қилинди.
Қурултойда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг Дастури тўғрисидаги масала ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Номзод дастурида кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда ижтимоий адолат, ижтимоий тенглик ва халқ ҳокимиятчилиги мезонларига мос келадиган демократик ижтимоий давлатни барпо этишдир.
Дастурда давлат ва жамиятни ривожлантириш, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигини таъминлаш, кучли ижтимоий сиёсат юритиш йўналишларида 100 га яқин таклиф ва ташаббуслар илгари сурилмоқда. Хусусан, ижтимоий давлатчилик пойдевори, барқарор жамият ва фаровон турмуш асоси сифатида кучли ижтимоий сиёсат соҳасида пенсия тизимини такомиллаштириш, “Энг кам истеъмол харажатларини белгилаш тартиби тўғрисида”ги, “Кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш қўшган ҳолда қуришда иштирок этиш тўғрисида”ги, “Уй-жой қурилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қонунларни қабул қилиш, тиббий хизматларни рақамлаштириш, мактаблар ўқув дастурларида чет тиллар ва IT бўйича ўқув соатларини кескин кўпайтириш, “мактаб солиғи”ни жорий этиш, ижара компенсация тизимини докторантларга нисбатан ҳам жорий этиш, пенсионерларнинг ҳаёт даражасини яхшилаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш каби ташаббуслар илгари сурилмоқда.
Барқарор тараққиёт ва ижтимоий фаровонлик асоси сифатида ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантириш мақсадида иқтисодиётда давлатнинг фаол роли ва иштирокини сақлаб қолиш, маҳаллий инвесторларга хорижий инвесторлар билан бир хил имтиёзлар бериш, қимматбаҳо мол-мулк учун солиқ жорий этиш, Интернет, ижтимоий тармоқлар орқали тижорий фаолият, реклама билан шуғулланаётганлар даромадларини солиққа тортиш, якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслар шуғулланиши мумкин бўлган соҳаларни ҳамда ўзини ўзи банд қилган деб ҳисобланадиган фаолият турлари рўйхатини кенгайтириш каби ташаббуслар ўрин олган.
Қонун устуворлигини, тенглик ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш гарови сифатида суд-ҳуқуқ ислоҳотларига ҳам номзод дастурида алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу йўналишда вилоят, туман (шаҳар) судлари раисларининг ҳар йили ротация қилиш, одил судловни амалга оширишда ҳакамлар ҳайъати институтини жорий қилиш, соҳавий назорат органлари (инспекциялар) фаолиятини кучайтириш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини амалга оширилишида жамоатчилик назорати ва меҳнат инспекциясининг ролини ошириш, тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш йўлакларини хатловдан ўтказиб, светофорлар билан жиҳозлаш бўйича дастур қабул қилиш каби бир қатор янги ва муҳим таклиф-ташаббуслар ўрин олган.
Номзоднинг дастурида ижтимоий тенгликка ва халқ ҳокимиятчилигига асосланган демократик бошқарув тизимини ислоҳ этиш бўйича ижро ҳокимияти томонидан муҳим ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича қарорлар қабул қилишда сиёсий партиялар фракциялари билан маслаҳатлашувлар ўтказиш, айрим давлат функцияларини босқичма-босқич фуқаролик жамияти институтларига ўтказиш, давлат бошқарувида фуқаролик жамияти институтларининг бевосита иштирокини кенгайтириш ҳамда сиёсий партиялар, уларнинг депутатлик бирлашмаларининг ҳуқуқ ва ваколатларини янада кенгайтириш каби таклифлар илгари сурилмоқда.
Дастурда очиқлик ва миллий манфаатлар устуворлигига асосланган конструктив ташқи сиёсат масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, ушбу йўналишда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳужжатларга қўшилиш, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш каби таклифлар илгари сурилмоқда.
Қурултой делегатлари номзод дастури Халқ демократик партиясининг устувор дастурий ғоя ва мақсадларига мос эканини, дастурда партия электорати, аҳолининг эҳтиёжманд қатлами ҳуқуқ ва манфаатлари биринчи навбатда ҳисобга олингани қайд этилди.
Шу билан бирга, делегатлар номзод дастурини шакллантириш бўйича республикамизнинг барча ҳудудларида изчил иш олиб борилгани, партия аъзолари, хайрихоҳлар, бошланғич ташкилотлардан тортиб, ҳудудий кенгашларгача таклифлар олингани, дастурда партиянинг кўп минг сонли аъзолари фикри ва қарашлари ўз ифодасини топаётганини таъкидлашди.
Қурултойда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Халқ демократик партиясидан кўрсатиладиган номзоднинг дастури ҳам тасдиқланди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси
Ахборот хизмати.