2023 йил 12 май куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг навбатдан ташқари пленуми бўлиб ўтди. Унда Марказий Кенгаш аъзолари, масъул ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси, халқ депутатлари Кенгашларидаги гуруҳлари аъзолари, минтақавий партия кенгашлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Пленумда 2023 йил 9 июль куни ўтказилиши белгиланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг иштироки тўғрисида масала муҳокама этилди.
Пленум аъзолари ҳар қандай сайлов сиёсий партиялар учун имконият ва катта масъулият эканини таъкидлашди. Сайловда Халқ демократик партияси ўзининг такомиллаштирилган дастурини халқимиз олдига олиб чиқиш, фуқароларнинг ҳоҳиш-истакларини билиш, фаоллари ва хайрихоҳлари сафини кенгайтириш, энг асосийси, сиёсий платформасини амалга ошириш имкониятига эга бўлиши ҳақида фикр-мулоҳазалар илгари сурилди.
Мунозара ва муҳокамалардан сўнг Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси ҳамда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Уставида белгиланган талаблардан келиб чиқиб, 2023 йил 9 июлда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг иштирок этиши ҳақида қарор қабул қилинди.
Пленумда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партиянинг муносиб иштирокини таъминлаш билан боғлиқ муҳим масалалар кўриб чиқилди. Сайловда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод кўрсатиш, партиянинг қурултойини чақириш ва унинг кун тартиби, партия қурултойига вакиллик меъёри ва уларни сайлаш тартиби тўғрисидаги масалалар муҳокама марказига қўйилди.
Ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш, электорат вакиллари, сайловчиларда сиёсий-ҳуқуқий билим ва фаоллик кучайишида сайловлар долзарб аҳамиятга эга. Партиямизнинг жамиятдаги нуфузи электорат манфаатларини қай даражада ҳимоя қилаётганимиз, жойлардаги муаммоларнинг ечими юзасидан қандай ташаббуслар билан чиқаётганимизга қараб баҳоланади, деди партия етакчиси.
Халқ демократик партияси, энг аввало, ижтимоий тенглик, ижтимоий барқарорлик ва халқ фаровонлиги ғояларига содиқ қолган ҳолда мамлакатимизда янги иш ўринлари яратиш, ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, ижтимоий муҳофазага эҳтиёжманд аҳоли қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилиш сиёсатини изчиллик билан давом эттириш тарафдори сифатида майдонга чиқмоқда. Мамлакат фуқароларининг манфаатларига мос келувчи ушбу сиёсатни амалга оширишга қодир бўлган шахс номзодини Президент сайловида илгари суришни мақсад қилган.
Пленумда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод тўғрисидаги масала муҳокама этилди. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига партия электорати, тарафдор ва фаоллари томонидан тавсия этилган Иноятов Улуғбек Илясович номзоди партиянинг Қурултойида кўриб чиқиш учун маъқулланди.
Сайлов кодексига асосан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод тўғрисидаги маълумотлар бошқа зарурий ҳужжатлар билан бирга Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилади.
Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод ҳақида якуний қарор қабул қилишга фақат партиянинг Қурултойи ваколатли ҳисобланади.
Пленумда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг XIII қурултойини 2023 йилнинг май ойи учинчи ўн кунлигида Тошкент шаҳрида чақириш ҳақида қарор қабул қилиниб, қурултойни ўтказишнинг аниқ санаси, ўтказиш шакли, жойи ва тартибини белгилаш Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси зиммасига юклатилди.
Қурултойга делегатлар сайлаш масаласида партия Қорақалпоғистон республика, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларининг пленумлари ўтказилади.
Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати