Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгаши депутатлигига сайланган Абдуллаев Баҳодир Тожимирзаевич томонидан ўзи раҳбарлик қилаётган “Б.А Холдинг” таркибига кирувчи корхоналарда самарали фаолият олиб бораётган 10 нафар ишчи ходимларга хизмат уйлари берилди.
“Б.А Холдинг” Ассоциациясининг ижтимоий ҳамда иқтисодий ривожланиши даврида алоҳида ташаббус кўрсатиб, фаол хизмат қилиб келаётган ходимларга хизмат уй-жойларнинг топширилаётгани нафақат бизнинг корхонамиз ривожи балки ушбу ходимларимизнинг оиласи пойдеворини мустаҳкамлаш борасидаги хайрли амаллардан бири бўлади. Уларнинг бахтли яшаши учун оз бўлса-да ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан мамнунмиз, – деди Наманган вилоятининг фаол депутати Баҳодир Абдуллаев.
Топширилган хонадонлар 1 ва 3 хонали бўлиб, бу ерда оилаларнинг тўкин, фаровон ҳаёт кечириши учун барча шароитлар яратилган. Уларнинг фарзандлари учун замонавий ўйин майдончалари ҳам қурилган.
Янги уйга эга бўлган ходимлар ва уларнинг оила аъзоларининг қувончи чексиз.