«Ёшлар – келажагимиз бунёдкорлари» шиори остида ўтказилаётган депутат ва ёшлар учрашувининг навбатдагиси Қизилтепа туманидаги Қалъайи-Азизон маҳалласида халқ депутатлари туман кенгаши депутати Шабон Набиев иштирокида бўлиб ўтди.
Тошработлик ёшлар билан учрашган туман ҳокими бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан ёшларга қаратилаётган эътибор, уларнинг илмли, билимли, зукко бўлишлари ва ОТМларга киришлари йўлида амалга оширилаётган ишлар борасида фикр юритди.
Ёшлар ҳам ушбу учрашувда фаоллик кўрсатишди ва бир қатор мурожаатлари билан иштирок этишди. Мурожаатлар натижаси ўлароқ, 26-умумий ўрта таълим мактабида янги компьютер хонаси ташкиллаштириладиган бўлди. Шунингдек, 28-умумий ўрта таълим мактаби спорт майдонига чим ётқизиладиган, кутубхонасига эса “Ёш китобхон” танлови рўйхатига киритилган бадиий китоблар олиб бериш масаласи ҳал этилди. Шу билан бирга, барча мактабларга камида 2 тадан магнитли доскалар берилиши режалаштирилди.
Мурожаатлар мобайнида Гулноза Содиқова уйида шахсий кутубхонаси борлиги, аммо унда китоблар камлигини билдириб, кутубхонасини бадиий китоблар билан бойитишда ёрдам сўради. Бу ташаббус ижобий баҳоланиб, ушбу ёш китобхонга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши томонидан 50 та китоб совға қилиниши белгиланди ва учрашувнинг ўзида унга энг сара асарлардан иборат 10 та китоб туҳфа қилинди.
Ёшларнинг кўплаб мурожаатлари ижобий ҳал этилган бу учрашув тошработлик ёшларнинг хотирасида бир умрга муҳрланади.
Хуршида НАРЗИЕВА,
ЎзХДП Навоий вилоят кенгаши сектор мудири.