Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши ва Норин туман партия кенгашининг “Истиқбол” ёшлар қаноти, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши ва бошқа бир қатор жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда “Беш ташаббус – беш имкон!” номли ёшлар форуми ўтказилди.
Ёшлар форумидан кўзланган мақсад ёшлар фаоллигини ошириш, интилишлар майдонини кенгайтиришдан иборат.
Форум 5 та муҳим ташаббусга мувофиқ беш йўналишда ўтказилди. Биринчи йўналишда ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш ҳамда қобилиятини юзага чиқаришига кўмаклашиш мақсадида “Истеъдод” шоуси ташкил этилди. Ташаббускор ёшлардан шакллантирилган бадиий жамоаларининг форум давомидаги чиқишлари ғоят қизиқарли кечди.
Шунингдек, аҳоли ва ёшларнинг компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишлари учун Норин туман Педагогика коллежида “WI FI room” имкониятларини ташкил этганлиги ҳам ёшлар учун яна бир ахборот технологияларидан фойдаланишлари учун ташланган дадил қадам бўлди.
Ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида депутатлар фаол партия етакчилари кўмагида янги бадиий адабиётлар билан тўлдирилган туман Педагогика коллежининг китоб жавонлари ташкил этилиб, “Энг ёш китобхон”йўналиши бўйича Робия Ҳошимова ташаббусни қўлдан бермай, ғолиб деб топилди.
Форум ишида партия фаоллари ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказишди. Уларни ўйлантираётган муаммолари бўйича депутатларга мурожаат этишди.
Белгиланган бешта йўналишлар бўйича фаол иштирокчи ва ғолиблар аниқланиб, партиянинг фаҳрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Мўътабар ҚОЗИЕВА,
Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши сектор мудири.